"Иккинчи бўлимда "арабча" футбол кўрсатдик!" Эрон термаси ишқибозлари Ўзбекистон билан ўйин ҳақида нималар демоқда?!
Жаҳон чемпионати саралаши доирасида ўтган Ўзбекистон - Эрон баҳси кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан хабарингиз бор. Форс матбуотида ҳам ишқибозлар айнан шу ўйин ҳақида 3 кундан бери бонг уришда давом этмоқда. Биз эса, Эрон терма жамоаси ишқибозларининг ижтимоий тармоқлардаги фикрлари билан қизиқдик. Хўш, улар Тошкентда ўтган ўйин ҳақида қандай фикрда?
Амир
Мана шу жамоа билан мураббий Осиё кубогида ғалаба қозонмоқчими? Япония уларни кутиб турибди!
Ўзбекистон учун Эрон билан дуранг ғалабага тенг! Улар ўйинда бунга ҳақли эканлигини кўрсатиб қўйишди. Муносиб ўйин ва ҳақли равишда қўлга киритилган бир очко билан табриклайман. Эрон терма жамоасини бироз тартибга келтириш лозим. Футболчилар шунчаки Эрон термасида ўйнаётганини эвазига ғалаба қозона олмайди. Ғалаба учун майдонда ҳаракат қилиш лозим!
Ҳамид Эфаир
Ҳаммаси жойида. Эрон терма жамоаси агар чин юракдан ўйнаса, дунёнинг исталган терма жамоасини енгишга қодир.
Аҳмад Ризо Зари
Раҳмат йигитлар. Иккинчи таймда жуда шижоат билан ҳаракат қилдинглар!
Ашкан Андиши
3 голни ўтказиб юбормаганимиз учун яратганга шукр. Барчаси кундек равшан. Ўзбекистон биринчи голни урганидан сўнг, футболчилари ҳаётга янги келгандек бўлди. Айнан ўша иштиёқ эвазига якунда биз ғалабадан маҳрум бўлдик.
Ашраф Агфа
Терма жамоамиз қарши ҳужумга ўта олмаётганини кўриб, роса кулдим. Наҳот, бу ишни қилиш шу қадар мушкул эди?!
Меҳди Обайд
Мана 8 йилдир-ки, шу йигитлар терма жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Уларнинг ёши икки таймда икки хил футбол кўрсатишимизга сабаб бўлмоқда. Осиёнинг бошқа гранд жамоалари аллақачон таркибни тўлиқ ёшлардан шакллантиришни бошлаб юборган. Ортда қоляпмиз.
Арди Наимиан
Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, аммо иккинчи таймда жамоамиз 0! Футболчи майдонда жанг қилиши лозим. Эрон термасининг бу мураббий билан келажаги йўқ.
Али Фарҳоди
Жуда ёмон ўйин ўтказдик. Баҳс давомида фақат ортга пас бердик. Айнан шу омил эвазига якунда дуранг натижа қайд этилди. Агар воқеалар ривожи бироз бошқачароқ кетганида, мағлубиятга учрашимиз ҳам ҳеч гап эмас эди. Футбол раҳбарлари Карлуш Кейруш кетганидан сўнг, бошқача футбол намойиш этамиз деган эди. Афсуски, хатто ҳужумга ўтганда ҳам ҳимоя биз учун биринчи рақамли бўлиб қолмоқда.
Кузей Иран
Хавотир олманглар! Биз сизларни Теҳронда бошқача кутиб оламиз!
Номи ошкор қилинмаган кузатувчи
Бу мураббий терма жамоага наф келтирмайди. Бошқа вариантларни кўриб чиқиш лозим.
Данда Бешлами
Сречко Катанец аввалроқ Ироқ терма жамоасини бошқарган. У Эрон терма жамоасини жуда яхши билади. Бу майдондаги ўйинда дарров кўзга ташланди. Бу баҳс учун бизда "В" планнинг йўқ эканлиги панд берди. Менимча, "А" план ҳам аслида бўлмаган. Иккинчи бўлимда, жамоамиз ҳимояланаётган пайтида тўпни шунчаки тепиб юбориш билан шуғулланади. Худди, 60 йилларда бўлган футбол сингари. Агар ўйин яна 10 дақиқа давом этганда, Ўзбекистон 3-голни ҳам урган бўлар эди.
Мозафар Бабкҳани
Афсуски, Эрон терма жамоаси футболчилари жуда оғир ва дангаса. Айниқса, иккинчи бўлимда бу яққол кўзга ташланди. Ўзбекистон эса, устунлигидан унумли фойдаланди. Агар яна бир неча дақиқа бўлганида, сўзсиз майдон эгалари ғалабани илиб кетган бўлар эди.
Муҳаммад Барни
Бу ўйин жамоа бош мураббийига салом йўллади. Ха, у жуда машхур футболчи. Терма жамоада ҳам аъло даражада тўп сурган, бироқ мураббий сифатида унда ҳеч қандай тажриба йўқ. Менимча, ўйинда амалга оширилган ўзгаришлар жуда ёмон эффект берди. Кўплаб зоналарда бошлиқ пайдо бўлди. Афсус!
Нур Ҳаммади
Яратганга шукрлар бўлсин, мағлуб бўлмадик. Эрон футбол раҳбарлари терма жамоа бошқарувига халқаро тажрибага эга хорижлик мутахассисни таклиф этиши лозим.
Роҳамяри
Бу мураббий терма жамоа бошқарувидаги биринчи катта ўйинда иштирок этиб, сал қолса мағлуб бўлар эди. Яратгани ўзи бизни қўллаб юборди. Энди, шу ўйин билан Осиё кубогида бизни нима кутаётганини ўйласам, кўзларимга ёш келяпти.
Ҳамид Осанлу
Афсуски, бизда терма жамоани кучайтира оладиган бошқа футболчи йўқ. Менимча, катта номга эга кучли мутахассисни ишга таклиф этишимиз лозим. Ҳозирги таркиб футболчиларнинг яроқлилик муддати ўтиб кетган. Айримлари хатто, терма жамоа даражасида ҳам эмас.
Фориқ Фарҳади
Иккинчи бўлимда "арабча" футбол кўрсатдик. Терма жамоа ўзининг биринчи жиддий ўйинидаёқ синовдан ўта олмади. Афсуски, терма бош мураббийи вазиятни тўғри баҳолай олмаяпти.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев тайёрлади
Фикрлар