"Навбаҳор" ва "Насаф" мухлислари учун хушхабар
Ўзбекистон CocaCola Кубогининг чорак финалида Наманганнинг "Навбаҳор"и ўз майдонида Қаршининг "Насаф" клубини қабул қилади. Қайд этилишича, ушбу ўйин чипталари сотувга чиқарилмайди ва стадионга кириш бепул бўлади.
"Навбаҳор" ПФК раҳбарияти жамоанинг ашаддий ва фидойи мухлисларига ҳурмат сақлаган ҳолда, "Навбаҳор" - "Насаф" ўйинини бепул этиб белгилади. Мазкур учрашувга чипталар чиқарилмайди ҳамда жамоамизни бевосита стадионда қўллаб - қувватлаб, ғалабасига мададкор бўлишни хоҳлаган мухлислар 12 декабрь куни "Марказий" ўйингоҳга эркин ҳолда ташриф буюришлари мумкин", - дейилган клуб баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубогининг чорак финалидан ўрин олган "Навбаҳор" - "Насаф" баҳси 12 декабрь куни Намангандаги "Марказий" ўйингоҳда соат 16:00 да бошланади.
Comments