
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорликни кучайтирмоқда
Сўнгги йилларда Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, барча йўналишларда икки томон учун ҳам бирдек манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Икки мамлакат ўртасидаги бу кенг қамровдаги алоқалар дзюдода ҳам кўзга ташланмоқда.
Куни кеча Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ҳатори Такаши Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташриф буюрди. Жаноб Ҳатори икки давлат дзюдо федерацийларининиг ҳамкорлик ришталари ҳақида гапириб, сўнгги йилларда ўзбек дзюдочилари халқаро мусобақалар - жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ўйинларида катта ютуқларга эришаётганини алоҳида таъкидлади.
"Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташрифим доирасида ўзбекистонлик ёшларнинг дзюдога қизиқишини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Юртингизда жуда кучли дзюдочилар бор. Узоққа бормайлик, ўтган йили Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида олтин, -100 кг вазнда Музаффарбек Тўрабоев, оғир вазнда эса Алишер Юсупов бронза медалларини қўлга киритди. Балки, бугунги учрашувга келган ёш дзюдочилар орасидан ҳам бўлажак олимпиячилар етишиб чиқар" - деди Япония элчиси.
Тадбирда Бутун Япония дзюдо федерацияси Япония Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон дзюдо федерациясига 80 комлект кимоно совға қилди. Бу ўз ўрнида спорт дипломатиясини ривожлантириш лойиҳасининг бир қисми бўлиб, у спорт орқали халқаро алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар