ЎЗДЖТСУда кураш бўйича халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди
Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Халқаро кураш институти, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда кураш спорт турининг халқаро нуфузини янада оширишга қаратилган "Кураш спортининг назарий-амалий муаммолари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Кураш мураббийлиги бўйича 3 ойлик онлайн курс доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг маданият саройида бўлиб ўтган ушбу илмий-амалий анжуманда университет проректорлари, университетга хориждан жалб этилган профессорлар, халқаро кураш институти, халқаро кураш ассоциацияси вакиллари, кафедра мудирлари, университетининг миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси профессор-ўқитувчилари, талабалар, шунингдек, 15 дан ортиқ давлатлардан ташриф буюрган 30 нафар кураш бўйича хорижий мутахассислар, ҳакамлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Анжуманда мутахассислар жисмоний тарбия ва кураш спорт тури соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, илмий ва амалий ютуқлар ва муаммолар билан ўзаро ўртоқлашишди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида ҳакамлик қонун-қоидалари бўйича ташкил этилган амалий машғулот жараёнларида ҳам иштирок этишди.
Анжуман доирасида университетнинг Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси томонидан юқори савиядаги кураш бўйича университет биринчилиги ташкил этилди ва ушбу биринчиликда хорижлик кураш мутахассислари ҳакамлик қилишди.
Фикрлар