Ads

Мадриднинг “Реал” жамоаси рекордчилари ҳақидаги мақолалар туркумининг бешинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Чемпионлар кубоги финалида энг кўп гол урган футболчилар - Алфредо Ди Стефано ва Ференц Пушкаш

Футбол тарихидаги энг кучли жуфтликлардан бири бўлган Пушкаш - Ди Стефано дуэти ЧК финалларида 7 тадан гол уришган. Аргентиналик ҳужумчи 1956, 1957, 1958 ва 1959 йилги финалларда биттадан гол урган бўлса, 1960 йилги финалда "хет-трик"ка эришган. 1960 йили финалда венгриялик ҳужумчи эса "покер" қайд этган. Орадан 6 йил ўтгач Пушкаш финалда учта гол уришнинг уддасидан чиққан.

"Реал" сафида гол урган энг ёш футболчи - Алберто Ривера

1995 йилнинг 10 июнь санасида "Реал"нинг "Сельта"га қарши ўйинида "қироллик клуби" таркибида Ривера ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ўша пайтда Алберто 17 ёшу 114 кунлик эди.

"Реал" сафида гол урган энг қария футболчи - Ференц Пушкаш

1965 йилнинг 21 ноябр куни Испания чемпионатида "Реал"нинг "Севилья"га қарши ўйинида Пушкаш гол муаллифига айланди. Ференц дарвозани ишғол қилган пайтда 38 ёшу 233 кунлик эди.

Энг тезкор "хет-трик" муаллифлари - Пепильо II ва Криштиану Роналду

Пепильо II 1960 йилнинг 10 апрел куни чемпионатда "Реал Сосьедад" билан учрашувда 8 дақиқа ичида учта гол урган бўлса, 2015 йилнинг 5 апрелида Ла лигада "Гранада" билан беллашувда Криштиану Роналду ушбу кўрсаткични такрорлади.

Энг тезкор "покер" муаллифи - Криштиану Роналду

Португалиялик ҳужумчи 2015 йилнинг 8 декабр куни Чемпионлар лигасининг 6-тур ўйинида Швециянинг "Малмьо" клуби 8:0 ҳисобида таслим этилган ўйинда 20 дақиқа ичида рақиб дарвозасини тўрт марта аниқ нишонга олишга эришди.

Энг тезкор "пента-трик" муаллифи - Пепильо II

1960 йилнинг 7 феврал куни Испания чемпионатида "Эльче" билан бўлиб ўтган беллашувда Мадридликлар таркибида Пепильо II 39 дақиқа ичида 5 марта ўз номини таблога ёздириб қўйган.

Энг кўп "хет-трик"ка эришган футболчи - Криштиану Роналду

Роналду "Реал" таркибида барчаси бўлиб 39 марта "хет-трик"ка эришган.

Испания чемпионатида энг кўп "хет-трик"ка эришган футболчи - Криштиану Роналду

Роналду 39 "хет-трик"нинг 32 тасини Испания Ла лигасида нишонлааган.

Бир мавсумда энг кўп "хет-трик"ка эришган футболчи - Криштиану Роналду

2014/15 йилги мавсумда КриРо 8 та учрашувда 3 та ва ундан ортиқ гол уришнинг уддасидан чиққан.

"Реал" футболчиси сифатида терма жамоа учун энг кўп гол урган футболчи - Криштиану Роналду

2009 йилдан буён "Реал" таркибида тўп сураётган Роналду, шундан буён Португалия терма жамоаси учун 46 та гол киритишга муваффақ бўлган.

Энг тезкор гол урган футболчи - Иван Самарано

Чилилик ҳужумчи 1994 йилнинг 3 cентябр санасида Ла лига доирасида "Севилья" билан ўйиннинг 12 дсақиқасидаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлган. Орадан 9 йил ўтгач бразилиялик Роналдо "Атлетико" мадридга 14 сонияда гол "совға" қилган эди.

 

Фурқат Юсупов тайёрлади