Хорватияни ҳайратга солган Аргентина Дэвис кубогини уйга олиб кетди
Ads
 
Теннис бўйича норасмий жаҳон чемпионати - Дэвис кубоги Аргентина терма жамоасига насиб этди.
 
Ушбу нуфузли мусобақа финалида Хорватия ва Аргентина терма жамоалари ўзаро куч синашди. Дастлабки икки кунга беллашувлардан сўнг Хорватия терма жамоаси 2:1 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бироқ учинчи кунга беллашувлар меҳмон жамоага омад келтириб, мезбонларни ҳайратга солди.
 
Учинчи кунги беллашувларни Марин Чилич ва Хуан Мартин дель Потро бошлаб берди. Агар ушбу учрашувда Чилич ғалаба қозонгудек бўлса, Хорватия бош совринни нақд қилар эди. Аслида баҳс Чилич учун омадли бошланди ва у кетма-кет икки сетни ўз фойдасига ҳал қилди - 7:6, 6:2.
 
Бироқ, Хуан Мартин дель Потро мезбонларни ҳайратга солиб, бой берилган учрашувни ғалаба айлантира олди. Аргентиналик ракетка устаси 7:5, 6:4, 6:3 ҳисобидаги муваффақиятдан сўнг умумий ҳисобни тенглаштирди - 2:2.
 
Ниҳоят бош соврин соҳибини аниқлайдиган ҳал қилувчи сўнгги баҳсда Федерико Дельбонис тажрибали Иво Карловични қийинчиликсиз 6:3, 6:4, 6:2 ҳисобида енгиб, Аргентинага 3:2 ҳисобидаги ғалаба ва Дэвис кубогини тақдим этди.