13 нафар футболчини четлатган “Челси”га қарши кураш бошланди
Профессионал футболчилар ассоциацияси (PFA) Англия Премьер-лигаси ва ФИФАда ўйинчиларни оммавий тарзда асосий жамоа машғулотларидан четлатиш сиёсатини қўллаётган клубларга қарши жиддий чора кўриш ташаббусини илгари сурмоқда.
Daily Mail нашрининг маълум қилишича, PFA раҳбарияти “Челси”да юзага келган вазиятдан хавотирда. Бу масалада охирига нуқта Раҳим Стерлингни машғулотлардан четлатгани бўлди.
Умуман олганда, “Челси” раҳбарияти аввалроқ керак бўлмай қолган ўйинчиларни клубдан кетказиш учун уларни машғулотларга қўймаган. Хусусан, “арситократлар” тарбиялаган Конор Галлахер клубда қолмоқчи эди. Бироқ турли даражадаги босимлар ортида ҳужумкор футболчи “Атлетико”га ўтиб кетди.
“Челси” бу ёзнинг ўзида 13 нафар футболчини асосий таркиб машғулотларидан четлатди. Уларнинг аксарияти Европа футболида номи чиққан чарм тўп усталаридир.
Лондон клуби воз кечган ўйинчилар рўйхатига Раҳим Стерлинг, Бен Чилуэлл, Ромелу Лукаку, Трево Чалоба, Армандо Бройя, Кепа Аррисабалага, Дэвид Фофана, Анжело, Лукас Бергстром, Дэвид Вашингтон, Тино Анджорин, Алекс Матос ва Харви Вейл киритилган.
Профессионал футболчилар ассоциацияси Англия Премьер-лигаси ва ФИФА билан музокаралар орқали бу амалиётни бекор қилишга эришмоқчи.
Фикрлар