17 йиллик айрилиқ! Почеттино Парижда Мессини кутмоқда?!

2001 йилнинг 26 январь санасида аргентиналик марказий ҳимоячи - Маурисио Почеттино ПСЖга «Эспаньол» сафидан бориб қўшилган эди. У пайтларда клубда шайхларнинг катта пуллари йўқ бўлса ҳам, қаҳрамонимиз 2,5 йил давомида жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилади. У билан биргаликда Париж клуби «Интертото» кубогида зафар қучади. 2003 йилда эса, Маурисио «Бордо» билан шартнома имзолаб, клубни тарк этади.

ghghgh

Ўша воқеаларга ҳам 17 йилдан ошди. Ўтган вақт мобайнида жуда кўп нарсалар ўзгариб кетди. 2009 йилда аргентиналик футболчи ўзини мураббийликда синаб кўришга қарор қилди. 2019 йилга келиб эса, у ўз жамоаси билан Европа Чемпионлар Лигаси финал учрашувида иштирок этди. Тўғри, ўйин бой берилди, аммо «Тоттенхэм» сингари камтарин клуб билан финалга чиқишнинг ўзи катта воқеа!

Аслида, Париж супер клубининг Томас Тухелни истеъфога чиқариши бироз тушунарсиз қарор. Шундай бўлса-да, бу ҳақида фикр алмашгандан наф йўқ. Тухель кетди, унинг ўрнини Почеттино эгаллайди! Тамом! Немис мураббийининг ўрнини эгаллаши кутилаётган аргентиналик мутахассис ҳақида мулоҳаза юритиш анча қизиқроқ.

ghghghghghghghghghg

Почеттино 13 ойдан бери ишсиз юрибди. «Тоттенхэм»ни шакллантирган мураббийнинг кетиши ноҳақликдек туюлган бўлса-да, бу истеъфо Почеттино учун янги эшикларни очилишига сабаб бўлди. Эндиликда, унинг персонал мухлислари ПСЖ томонига ўтиб олиши турган гап. Боз устига, ҳали бирорта соврин ютмаган мураббий учун олтин медаллар жуда ва жуда қадрли бўлади. Бундан ташқари, уни Парижда Неймар, Ди Мария, Икарди ва Мбаппе сингари мегаюлдузларга эга таркиб кутмоқда.

Бундай юқори даражадаги футболчиларни Почеттино ўзининг футбол фалсафасига қандай мослаштириши барчада савол уйғотмоқда. Мураббий доимо ўз шогирдларидан рақибга тинимсиз босим ўтказишни ва ҳар бир ўйинда максимум натижа қайд этишни талаб қилади. Қўшимчасига, у футболчиларнинг янги қирраларини кашф этишда ҳам беназир. Катта эҳтимол билан мураббий биринчи ишни Неймар ва Мбаппе билан тил топишишдан бошлайди. Бу йигитлар нафақат ўйиннинг бориши, балки мураббийнинг жамоада қанчалар узоқ қолишини ҳам ҳал этишлари турган гап. Неймар ва Мбаппенинг футболга ўз қарашлари мавжуд. Улар мураббий бўлмасалар-да, мураббийларидан ўз қарашларига мос келадиган ғояларни кутмоқда.

Яқиндагина истеъфога чиқарилган Тухелнинг хатоси ҳам айнан шунда. Ваҳоланки, Томас Мбаппе билан яхши алоқалар ўрнатган эди. Француз мураббий жамоадан кетгач, ўз ижтимоий саҳифаларида унга ўз миннатдорлигини билдирди.Тухелни клубнинг бошқа аъзолари билан яхши алоқада эди, деб бўлмайди. Мураббий айниқса, жамоа раҳбарларидан бири - Леонардо билан чиқиша олмади. Тухель очиқчасига жамоанинг трансфер сиёсатини танқид қилган эди. Клубни эркин агент сифатида тарк этаётган футболчилар ҳақида билдирган фикри катта жанжалга сабаб бўлди. Кейинчалик, Леонардо мураббийнинг ўзи ҳақида айтган сўзларини кескин танқид остига олди. Тухель ёзда Луис Суарес ва Антонио Рюдигерни таркибда бўлишини жуда истаган эди. Клуб спорт директори эса, унинг фикрини инобатга олгани йўқ. Қўшимчасига, мураббий томонидан билдирилган кескин фикрларни ҳазм қила олмади. Оқибатда, улардан бири жамоани тарк этиши аниқ эди. Кутилганидек, бразилиялик функционер ўз ўрнида қолди. Аслида, Тухель “Боруссия” Дортмунд сафида ҳам раҳбарият билан яхши алоқалар ўрната олмаган. Айниқса, унинг клуб спорт директори Михаэль Цоркни танқид қилиб берган хабари адашиб, шахсан Михаэл Цоркка етиб бориши катта воқеага айланиб кетган эди.

Очиғи, агар ПСЖ Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганида, ҳаммаси бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Мураббийга футболчи ва раҳбарият бошқачароқ мослашар, унга имкон беришга уринар эди. У ЕЧЛдаги ғалабадан сўнг, Леонардо билан тўқнашувда фаворитга айланиши тайин эди. Финалдаги мағлубият эса, Тухелнинг кучларини «қирқиб» қўйди. Эндиликда, Почеттино бу хатоларни такрорламаслиги лозим. У ички муҳит бузилиб кетган жамоани қабул қилиб олиши лозим. Боз устига, ПСЖ бу мавсумда 4 бор мағлубиятга учраб бўлди. Футболчилар ортда қолган ўйинлар давомида 36 та сариқ ва 5 та қизил карточка олишди. Ўтган мавсумда жамоа йигитлари атиги бир бор қизил карточкага лойиқ кўрилган эди. Ички тартиб-интизом издан чиққани шундан ҳам маълум.

Тартиб-интизомни ўрнатиш борасида замонавий мураббийлар орасида Почеттинога тенг келадигани йўқ, десак адашмаган бўламиз. Унинг бошқарувидаги «Саутгемптон» ва «Тоттенхэм» Англияда айнан интизом билан кўпчиликнинг эътиборига тушган эди. Энг муҳими шундаки, Почеттино узоқ чўзиладиган турнирлар учун футболчиларини тайёрлаш бобида беназир. Шу сабабли, унинг клубни қисқа муддатда идеал формага олиб чиқиши ортиқча муаммо туғдирмайди. Энг қувонарлиси шундаки, энди Почеттино ўз ўйин фалсафасини 100 фоиз имкониятини бутун дунёга кўрсатиб қўйиши мумкин. Лондонда бунга жамоанинг молиявий имкониятлари тўсқинлик қилган эди. Энди Парижда пул борасида муаммо йўқ. Шундай экан, тез орада Европа Чемпионлар Лигаси учун даъвогарлар сони яна биттага ортиши аниқ.

Маурисио Тухель сингари қайсар характер эгаси эмас. Шу боис, унда имкониятни тўлиқ намойиш этиш имкони мавжуд. Трансферлар бобида ҳам муаммо йўқ. Ички чемпионат АПЛ даражасидан анча пастроқ. Бу узоқ йиллар давомида кучлилар орасида кучли бўлишни уддалаган мураббий учун енгил нафас олиш имконини яратади. Хўш, Почеттино ўз услубини тарғиб қилувчи қайси футболчиларни клубга олиб келиши мумкин? Европа нашрларининг ёзишича, мураббий аллақачон бир нечта футболчиларни «кўз остига олиб қўйган». Келинг, улар билан қисқача таништириб ўтамиз.

Деле Алли

24 ёшли инглиз Мауриньонинг навбатдаги қурбонига айланиб бормоқда. Почеттино даврида «шпорлар»нинг келажаги деб тахмин қилинган футболчининг аҳволини яхши, деб бўлмайди. Маълумотларга қараганда, клуб аллақачон Деле Аллининг агенти билан алоқага чиққан.

Ян Облак

Париж клуби Почеттинога қадар жамоанинг дарвозасини ишончли қўлларга топшириш борасида иш олиб бораётган эди. Бугунги кунда қўл етадиган кучли дарвозабонлар орасида Облакдан бошқасини кўрсатиб бўлмайди. Яннинг Мадриддаги шартномасида жуда катта маош кўрсатилгани боис, клуб словениялик посбонни қўйиб юборишга қарши эмас. ПСЖ эса, 3-ўриндан зерикиб кетган дарвозабон учун катта маош ва турли совринларни ваъда қилмоқда.

ghghghghghghghghghggh

Лео Месси

Бугунги куннинг энг машҳур футболчиларидан бири - Неймар яқиндагина Месси билан бир жамоада тўп сурмоқчи эканлиги ҳақида сўзлади. У тез орада Леони Парижга кўчиб ўтишига шаъма қилди. Почеттино ва Мессининг футболга қарашлари бироз ўзгача бўлса-да, улар бир шаҳар жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Боз устига, Европада иккита жанубий америкалик инсоннинг тил топишиб кетиши жуда осон. Месси ҳам «Барселона» тобора чўкиб бораётганини сезиб турибди. Янги президент келгач, аҳвол ўзгаришига ҳеч ким кафолат бермайди. Шундай экан, бу трансфернинг амалга ошиш фоизи жуда юқори.

Кристиан Эриксен

«Тоттенхэм» сафида Почеттинонинг ўйин услубидаги энг муҳим фигура саналган Кристиан ҳозир «Интер»да ёлғизланиб қолди. Унинг Конте тарғиб этаётган схемадаги ўрни йўқ. Шу боис, ярим ҳимоячи қишда Парижга кўчиб ўтиш ҳақида бош қотирмоқда. «Интер» Леандро Паредес ёки 25 миллион евро эвазига даниялик футболчини қўйиб юборишга тайёр. Почеттино ҳам ўз ғояларини яхши англаб етган Эриксен ёрдамида майдондаги воқеаларга ўз таъсирини кўрсатиши бир мунча осонлашишини яхши билади.

Муаллиф фикри:

ghghghghgh

Нима бўлган тақдирда ҳам, Почеттинонинг яна катта футболга қайтгани ёқимли. Унинг яна ишга киришгани ПСЖ мухлислари учун эртанги кунга ишонч уйғотмоқда. Ўз тизими асосида мақсад сари одимлайдиган мураббийни Парижда осон бўлмаган, бироқ бахтли якун топиши мумкин бўлган кунлар кутмоқда. Орадан 17 йил ўтгач, Маурисио яна уйга, курашга ва совринларни ютиш учун қайтмоқда!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!