2 нафар полвонимиз Қатардаги рейтинг турнирида олтита медалга қўлга киритди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида оғир атлетика бўйича "5th International Qatar Cup" рейтинг турнири старт олди. Ушбу мусобақада жаҳоннинг турли мамлакатларидан 120 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Баҳсларда ўзбекистонлик полвонлар ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.
Унга кўра бугун -67 кг вазн тоифасида баҳслар ташкил этилди. Ушбу вазн тоифасида юртимиз шарафини икки нафар спортчи – Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов ҳимоя қилди.
Достон Ёқубов даст кўтариш баҳсларида 138 кг., силтаб кўтаришда эса 175 кг., умумий ҳисобда 313 кг. натижа кўрсатди. Бу орқали Достон даст кўтаришда бронза, силтаб кўтариш ва иккикураш якунларига кўра олтин медаль соҳибига айланди.
Адҳамжон Эргашев эса даст кўтаришда 142 кг., силтаб кўтаришда 168 кг. тошни ўзига бўйсундирди. Умумий ҳисобда эса 310 кг. тош кўтарди. Ушбу натижа орқали Эргашев даст кўтаришда олтин, силтаб кўтаришда бронза ва иккикураш якунларига кўра кумуш медаль эгасига айланди. Қайд этиш лозимки, Адҳамжон Эргашев даст кўтариш ва иккикураш бўйича 20 ёшгача бўлган атлетлар ўртасидаги жаҳон рекордини янгилади.
Қайд этиш лозимки, ушбу мусобақа орқали спортчилар Токио 2020 Олимпиадаси учун рейтинг очколарини жамғариб борадилар.
Фикрлар