2018 йилги мавсум регламенти. Маркетинг, тижорий ҳуқуқлар ва мерчендайзинг ҳақида

2018 мавсум регламентида маркетинг ва тижорий ҳуқуқлар, шунингдек, трансляциялар ҳуқуқи ҳақида ҳам алоҳида бандлар мавжуд. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда. 

Жумладан, ЎФФ ва ПФЛ ўз юрисдикцияси остида ўтказиладиган футбол мусобақалари ва тадбирлардаги барча ҳуқуқлар эгаси ҳисобланади. Бу ҳуқуқларга молиявий, тижорий, маркетинг, реклама, барча шаклдаги аудиовизуал ва радио ёзувларга тегишли ҳуқуқлар, шунингдек, интеллектуал мулк ҳисобланган эмблема ва рамзлардаги муаллифлик ҳуқуқлари киради.

ЎФФ ва ПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларнинг телетрансляция ҳуқуқини қўлга киритган телеканаллар Суперлига учрашувларининг юқори сифатли трансляциясини таъминлашлари мумкин. Тасвирга олиш ишлари камида 6та камера, шу жумладан, секинлаштирилган тасвирларни намойиш қила оладиган камера орқали амалга оширилиши керак. Трансляция ҳуқуқини қўлга киритган телеканаллар мавсум давомида биргаликда Суперлиганинг камида 60% учрашувларини трансляция қилишга мажбурлар.

Трансляция ҳуқуқини қўлга киритган телеканаллар Суперлиганинг титул/расмий ҳомийлари ва ҳамкорларининг реклама роликларини намойиш қилиб боришлари шарт. Реклама роликларини жойлаштириш тартиби Тижорий регламент асосида белгиланади. Тижорий регламентга Суперлиганинг барча клублари амал қилишлари шарт.

Мерчендайзинг

Футбол клублари мерчендайзинг маҳсулотларини (клуб атрибутикаларидан фойдаланилган сувенир маҳсулотлар) ишлаб чиқариш ҳуқуқига эгалар. Ишлаб чиқаришдан олдин маҳсулотлар эскизлари ва дизайни ПФЛ маркетинг бўлимига тақдим этилиши ва тасдиқланиши зарур.

Футбол клублари ўз стадионларида мерчендайзинг маҳсулотларини сотувчи камида битта савдо шаҳобчасини ташкил қилишга мажбурлар.

Футбол клублари ўз уй стадионларидаги учрашувлар чипталарининг сотувидан тушган маблағнинг 2 фоизини ҳар йили ПФЛ ҳисобига ўтказиб боришлари шарт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!