2019-2020 йиллар учун ОЧЛда Ўзбекистонга 1+2 квота ажратилди
Унга кўра, 2019-2020 йилларда бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистонга 1+2 кўринишида йўлланмалар ажратилди. Хатда қайд этилишича, мазкур йўлланмалар ОФКнинг 2017 йил 15 декабрдаги циркулярида белгилангани каби ОФК клублар ўртасидаги мусобақалар рейтингига асосланди ва бунда миллий терма жамоа натижалари 10 фоиз улушни, клубларнинг ОФК мусобақаларидаги натижалари эса 90 фоиз улушни ташкил этди.
ОФКнинг клублар ўртасидаги мусобақалар рейтинги қитъа чемпионлар лигаси ҳамда ОФК кубогида мамлакатлар клубларининг муваффақиятли иштирокига қараб янгилаб борилади. 2019-2020 йиллар учун квоталар ажратилган дастлабки рейтингда Ўзбекистон 43.305 рейтинг очкоси жамғарган ҳолда Осиёда 9-ўринда қайд этилди. Ғарб митақасида БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва Эрондан сўнг 5-ўрин банд этилди. Бу эса Ўзбекистон чемпионининг келаси икки йил давомида ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олишини таъминлайди. Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳамда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритадиган жамоалар эса ОЧЛ саралашининг иккинчи босқичидан курашга киришиш имкониятига эга бўлишади.
Таъкидлаш жоизки, ОФК клублар ўртасидаги мусобақалар рейтингидан келиб чиққан ҳолда йўлланмаларни тақсимлаб чиқди. Қайсидир аъзо мамлакат ассоциацияси клублари бирор сабаб билан (масалан, лицензиялашдан ўта олмай) қитъа миқиёсидаги мусобақалардан четлаштирилса, йўлланмалар сонида ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Шу сабабдан ОЧЛ ҳамда ОФК кубоги қатнашчилари йўлланмаларининг якуний рўйхати декабр ойи бошида ОФК томонидан эълон қилинади.
Фикрлар