2020 йил ортда қолди. Йил сарҳисобини қилиш учун ҳозир жуда қулай палла. Бугун 2020 йил давомида трансфер суммаси кескин камайиб кетган футболчиларни ёдга оламиз. Улар орасида Месси, Гризманн ва Погба сингари таниқли футболчилар мавжуд!

10. Александр Ляказетт (€ 70 млн —> € 35 млн)

Ala12

"Арсенал" жамоаси тарихидаги энг қиммат футболчилардан бири саналган Ляказетт 2020 йилда клубни тарк этиши мумкин эди. Аммо у жамоа билан қолишни афзал кўрди. Катта эҳтимол билан, ҳозир француз шу қарори учун афсус чекяпти. Александр тобора топ даражадаги ҳужумчилар қаторидан узоқлашиб бормоқда.

9. Поль Погба (€ 100 млн —> € 65 млн)

ala13

Погба анчадан бери "Манчестер Юнайтед"ни тарк этмоқчи, бироқ вазият бунга имкон бермаяпти. Энди эса, уни сотиб олиш иштиёқидаги жамоа топилмаяпти. Бу орада амалдаги ЖЧ ғолибининг трансфер нархи ҳам камайиб бормоқда.

8. Н'Голо Канте (€ 100 млн —> € 60 млн)

ala14

Канте ҳам пандемиядан сўнг, ўз ўйинини йўқотиб қўйганлардан бири. Бир пайтлар бутун ер шарини ушлаб турувчи таянч ярим ҳимоячиси саналган Канте ҳозир аввалги даражасида эмас. Бунга унинг руҳий ҳолати сабаб бўлмоқда. Трансфер суммасидаги 40 миллионга арзонлаб кетиши ҳам ўйинидаги пасайиш билан чамбарчас боғлиқ!

7. Антуан Гризманн (€ 120 млн —> € 80 млн)

ala15

Антуан ҳам сўнгги бир йил ичида ўз трансфер нархини 40 миллион еврога пасайиб кетишига сабаб бўлди. "Барселона" сафидаги омадсиз ўйинлари сабабли футболчига мураббийлар ишонч билдирмай қўйди. Ҳатто, Куман ҳам Антуанни аввалги даражасига чиқара олмади. Ҳозирча, унинг фаолияти қандай кўриниш олиши катта савол остида қолмоқда.

6. Лионель Месси (€ 140 млн —> € 100 млн)

ala16

Месси ҳали-ҳамон ўз трансфер суммасини 100 миллиондан тушириб юбормади. Унинг ёшида бундай кўрсаткични қайд этиш шунчаки фантастика! Қаҳрамонимиз қишда ўзи учун янги жамоа излашни бошлади. Унинг трансфер суммаси бежиз 40 миллионга арзонлаб кетмади. Лео ўз фаолиятидаги энг омадсиз ва бўш мавсумни ўтказмоқда. У Ла Лиганинг 14 та ўйинида атиги 7 та гол киритди, холос. Шу ўринда, у "Барселона" сафида киритган голлари сонини 644 тага етказиб олди. Бу мутлақ рекорд дегани! Агар шу омилни инобатга олмасак, Мессини хурсанд қиладиган бошқа воқеа содир бўлмади.

5. Кепа Аррисабалага (€ 60 млн —> € 15 млн)

ala17

Сайёрамизнинг энг қиммат дарвозабони мақомида Лондонга кўчиб келган Кепанинг аҳволига "маймунлар йиғламоқда" десак, адашмаган бўламиз. Бирин-кетин қўпол хатолардан сўнг, Фрэнк Лэмпард унинг ўрнини Менди билан тўлдириб қўйди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Кепани бирорта клуб ижарага олишни ҳам истамаётган экан.

4. Рахим Стерлинг (€ 160 млн —> € 110 млн)

Ala18

Стерлинг бир неча мавсумлардан бери барқарор ўйин намойиш этиб келмоқда, бироқ жорий мавсумда унинг ўйинлари ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Бундан ташқари, Стерлингга бўлган талаб ҳам кескин камайиб кетди.

Раҳимнинг голлари ва ассистларининг сони камайиши "Transfermarkt" нашри томонидан эътиборга олинди. Оқибатда, Стерлингнинг трансфер суммаси 110 миллион еврога тушиб кетди.

3. Деле Алли (€ 90 млн —> € 38 млн)

ala19

Алли бундан 2-3 йил аввал Британиядаги энг иқтидорли футболчи эди. Унинг келажакда суперюлдуз бўлиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган бўлса-да, ҳозир унинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Деле Жозе Моуриньо билан чиқиша олмаяпти. Шу боис, унинг Лондонни тарк этиш эҳтимоли ҳам юқори. Қаҳрамонимизнинг трансфер нархи 52 миллион еврога арзонлаб кетди. Ўйин даражаси ҳам анча пастлагани рост.

2. Кристиан Эриксен (€ 90 млн —> € 35 млн)

ala20

Қоғозда идеал трансфер саналган Эриксен амалда ҳеч қандай наф бергани йўқ. Конте уни "Интер"га мослай олмади. Даниялик футболчи бундан бир мавсум илгари "Реал" нишонида эди, ҳозир унга харидор излашмоқда. Деярли бир мавсум захирада ўтирган Эриксенни ҳозир миланликлар бошқа жамоага жўнатиб юбориш ҳаракатига тушиб қолган.

1. Эден Азар (€ 120 млн —> € 60 млн)

ala21

Бельгиялик футболчи рўйхатимизда биринчи ўринни эгаллашини тахмин қилиш қийин эмасди. Мадридга кўчиб ўтгач, жароҳат сабабли, деярли бир ярим мавсумни ўтказиб юборган вингернинг трансфер нархи ҳам нақд 60 миллион еврога арзонлаб кетди. Испан нашрларининг маълум қилишича, Азар шу даражада тушкунликка тушиб қолганки, ҳатто яна жароҳат олишдан қўрқиб машғулотларда ҳам тер тўкмаяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!