2026 йилги ЖЧ саралаши қандай тартибда ўтади? Россия термаси бизга муаммо туғдириши мумкин!
FIFA томонидан терма жамоалар рейтинги эълон қилинганидан хабарингиз бор. Унда термамиз Осиё қитъасининг 10-рақамли жамоаси сифатида эътироф этилди. Хўш, бу вазиятни 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига қандай даҳли бор? Бугун навбатдаги мундиал сари илк ҳаракатларимиз қандай кўринишда бўлишини тасаввур қилишга уриниб кўрамиз.
FIFA томонидан терма жамоаларнинг янгиланган рейтинги шу йилнинг 20 июль санасида эълон қилинади. Эътиборлиси, айнан ўша рейтинг ЖЧ саралашининг 1-2 босқичлари учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Келинг, батафсил тушунтирамиз.
Саралашнинг биринчи босқичи 2023 йилнинг оетябрь ойларига мўлжалланган. Иккинчиси эса ноябрь ойида бўлиб ўтади. Биринчи раундда FIFA рейтингидаги энг ёмон кўрсаткичга эга ОФКнинг 22 жамоаси ўзаро тўқнаш келади. Улар ўзаро 11 жуфтликка ажралади. Ҳозир бу рўйхатда қуйидаги терма жамоалар ўрин эгаллаган:
"А" саватчаси:
Қувайт, Гонконг, Индонезия, Мальдив, Афғонистон, Тайпей, Яман, Сингапур, Мъянма, Непаль, Камбоджа.
"B" саватча:
Макао, Мўғулистон, Бутан, Лаос, Бруней, Бангладеш, Покистон, Шарқий Тимор, Гуам, Шри-Ланка, Шимолий Мариана ороллари.
Бу биринчи босқичда тўп тепадиган жамоалар. Улар бир-бири билан куч синашган ҳолда, 2-раундга йўл оладиган 11 терма жамоа номини аниқлаб беради. Шу ўринда, айрим муҳим фактларни келтириб ўтиш лозим. Шри-Ланка FIFA томонидан тақиққа учраган. Мамлакатнинг футболга аралашгани боис санкциялар ҳали олиб ташлангани йўқ. Агар FIFA ўз қарорини бекор қилмаса, Шри-Ланкани биз биринчи босқичда ҳам кўрмаслигимиз мумкин. Шунингдек, рўйхатнинг энг охирги поғонасидаги Шимолий Мариана ороллари тўлақонли FIFA аъзоси эмас. Бу жамоа мазкур саралаш босқичида ўз-ўзидан Осиё чемпионати учун ўтказилаётган саралашнинг бир бўлаги бўлгани учун ҳам иштирок этмоқда.
Энди биз учун қизиқ бўлган қисми бошланмоқда. Юқоридаги жамоалар орасида 11 терма саралаб олингач, 2026 йилги мундиал саралашининг иккинчи босқичи старт олади. Унда саватчалар қуйидагича жойлашувга эга бўлади:
1 Саватча:
Япония, Эрон, Жанубий Корея, Австралия, Саудия Арабистони, Қатар, Ироқ, БАА, Уммон.
2 Саватча:
Ўзбекистон, Хитой, Иордания, Баҳрайн, Сурия, Фаластин, Вьетнам, Қирғизистон, Ливан.
3 Саватча:
Ҳиндистон, Тожикистон, Таиланд, Шимолий Корея, Филиппин, Туркманистон, Малайзия…
3-саватчани тўлдирадиган 2 жамоа ва 4-саватчадаги 9 та терма номи биринчи босқичдаги ўйинлар натижаларидан сўнг маълум бўлади. Яъни, 2-босқичда умумий ҳисобда 36 жамоа иштирок этади.
Айни дамда, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралашининг 2-босқичида иккинчи саватчадан ўрин эгалламоқда. Шунга қарамай, бизда кейинги FIFA рейтинги эълон қилингунига қадар вазиятни ўнглаш учун имконият бор. Бунинг учун юртимиз мезбонлик қилиши кутилаётган Марказий Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этишимиз шарт.
Марказий Осиё чемпионатида камида 3 бор майдонга тушамиз. Уларнинг биринчиси FIFA кунларига тўғри келмагани боис одатий балларнинг ярми берилади. Агар мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, 4-ўйинга қадар етиб борсак (финал ёки учинчи ўрин учун баҳс) у ҳам ўз қийматининг ярми билан баҳоланади.
Сабаби, FIFA июнь ойидаги ўз кунларида фақат иккитадан ўртоқлик ўйинларини ўтказиш учун руҳсат берган. Агар биз бу минимум вазифани максимал даражада уддаласак, FIFA рейтингида баландлаб, Осиё рейтингида биздан олдинда турган Уммон ёки БААни қувиб ўтишимиз мумкин. Улардан биридан ўтиб кетсак ҳам, якунда 2026 йилги мундиалнинг 2-босқичини биринчи саватчада бошлашимиз мумкин. Бу ўз-ўзидан қитъамизнинг грандлари билан кейинги босқичга қадар учрашмай туришимизни таъминлайди.
Шунга қарамай, Россия терма жамоасининг ЖЧ сарлашида ОФКда иштирок этиши эҳтимоли бор. Агар бу иш содир бўлса, биз ўзимиздан юқоридаги бир эмас, икки жамоани қувиб ўтишимизга тўғри келади. Акс ҳолда, ЖЧнинг иккинчи босқичи учун қуръа ташлаш маросимида иккинчи саватчада қолиб кетишимиз мумкин.
Хўш, иккинчи раунд қай тариқа ўтказилади? 36 жамоа 9 гуруҳга 4 тадан бўлинган ҳолда курашга киради. Бизни хурсанд қилган томони - агар иккинчи саватчадан биринчисига ўта олмасак ҳам, 2-босқичдаги саралаш ўйинларида гуруҳдаги 1-2-ўринни эгаллаган терма жамоалар 3-босқич масаласини автоматик равишда ҳал этилиши. Яъни, биз биринчи саватчадаги гранд билан бир гуруҳда тўқнаш келсак ҳам ўзимиздан кейинги саватчадаги нисбатан кучсизроқ икки жамоадан кўпроқ очко жамғарган ҳолда, мундиал иштирокчиларини аниқлаб берувчи навбатдаги босқичга йўл олиш ҳуқуқини қўлга киритамиз.
Ҳозирча, шундай гаплар. Имкон қадар соддароқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қилдик. 2-босқичда Ўзбекистон терма жамоасига ЖЧ саралаши йўлида кимлар рақиблик қилишини истаган бўлар эдингиз? Ўзингиз кўришни истаган гуруҳни тузиб беринг. Комментларни кутамиз!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев тайёрлади.
Фикрлар