3 та лига ва 2 хил қитъа. Шомуродовга қизиқаётган жамоалар ҳақида (батафсил)

"Рома" шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов фаолиятини катта эҳтимол билан бошқа жамоа сафида давом эттиради. Мавсумолди тайёргарлик ўйинларида ҳамюртимиз Моуриньони талабларига жавоб бера оладиган даражада ўйин кўрсатмаган. Аниқроғи, "Special one"нинг ундан кўнгли тўлмади. "Бўрилар" уни Исроилда бўлиб ўтган "Тоттенхэм"га қарши учрашувга олиб бормади. Бу унинг кетишидан далолат. Хўш, унга қайси жамоалар қизиқиш билдирмоқда? Сўнгги пайтларда янграётган хабарларга кўра, даъвогарлар сони етарлича. Келинг, уларга бирма-бир тўхталиб ўтамиз.

"Болонья"

Италиялик машҳур инсайдер Жанлука Ди Марционинг ёзишича, 27 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчи “Болонья” клубига ижара асосида ўтишга яқин турибди. Мазкур жамоа уни ўз сафига қўшиб олишга жиддий киришган ва ҳамюртимиз учун асосий даъвогар ҳам айнан улар. Болоньяликлар ўтган мавсум А Серияда 46 очко тўплаган ҳолда, 13-ўринни қўлга киритган. Бу жамоа ҳужум чизиғида етакчи Марко Арнаутович ҳисобланади. Қолган форвардлар ҳали анча ёш. Шундай экан, бу клубга ўтиш вакилимиз учун асосий таркибдаги ўринни кафолатлайди. Арнаутович ҳам асосий таркибда тушган пайтларда Элдорни қанотларда кўришимиз мумкин. Шундай бўлса-да, "Болонья" ҳимоявий ва компакт футбол намойиш этади. Бу легионеримизга бироз қийинчилик туғдириши мумкин.

gettyimages-1409329489-2048x2048

"Торино"

Турин клуби ҳам ҳамюртимизни хизматларига қизиқиш билдирди. Италия терма жамоаси аъзоси Андреа Белотти ёзда эркин агентга айланди ва "Торино"ни тарк этди. Катта эҳтимол билан Элдор бу жамоада унинг ўрнини эгаллаш учун номзод. Энг қизиғи, "бўрилар" Шомуродовнинг ўрнига айнан Белоттини олиб келмоқчи. Ўтган мавсумда туринликлар А Серияда 50 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалининг экваторидан жой олди. Шахсан мен учун "Торино" варианти "Болонья"дан анча яхшироқ.

gettyimages-1399035160-2048x2048

"Сампдория"

Генуя клуби спорт директори Даниэле Фажиано ўзбек футболчиси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди:

- Биздан “Сампдория” Шомуродовни олмоқчи экани ҳақида сўрашмоқда. Ҳозирча, бундай режамиз йўқ, - деди Даниэле Фажиано.

Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Шундай экан, Шомуродовга қизиқаётган клублар орасида генуяликлар ҳам бор. "Сампдория" ўтган мавсумда бироз ишончсизроқ ўйин намойиш этди ва Италия чемпионатида 15-ўринни банд этди. Ҳужум чизиғида рақобат кучли. Капуто ва Квальярелла каби топ ҳужумчилар мазкур клуб шарафини ҳимоя қилади. Бироқ Элдор айни вақтда улар билан бемалол рақобатлаша олади.

gettyimages-1389934458-2048x2048

"Вулверхэмптон"

Элдор Шомуродовга "Вулверхэмптон"дан ҳам қизиқишлар бўлмоқда. Рим клуби спорт директори Тиагу Пинту Элдорни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган жамоаларга уни фақатгина тўлиқ трансфер ёки мажбурий сотиб олиш шарти билан қўйиб юборишини айтган. Бироқ Англия "бўрилари" уни ижарага олишни истайди. Элдорни АПЛда кўпчилигимиз кўришни истаяпмиз. Шунингдек, бу ўтиш унинг ўсишига ҳам ёрдам беради. Сабаби, АПЛ бошқа даража ва ҳар қандай ўйинчи бу ерда ўйнашни орзу қилади. "Вулвз" ҳужум чизиғида Рауль Хименес ва жанубий кореялик Хван ҳаракат қилади. Катта эҳтимол билан Шомуродов бу жамоада мексикалик форварднинг захира вариантига айланади. 

gettyimages-1389159618-2048x2048

Ал-Ҳилол 

Кеча чиққан хабарларга кўра, легионеримизга "Ал-Ҳилол"дан ҳам қизиқишлар бўлган. Осиёга қайтиш унинг амбицияларига тўғри келмайди, наздимда. Бутун бошли ўзбек халқи ундан Европа майдонларини "ёндириш"ни кутаётган бир пайтда бу ўтиш абсурд қарор бўларди. Гарчи, "Ал-Ҳилол" Осиёнинг энг номдор жамоаларидан бири бўлса ҳам. Тўғри, улар Элдорга Европа клубларига қараганда кўпроқ маош бера олади. Шундай бўлса-да, барибир биз уни кучлироқ чемпионатларда кўргимиз келади.

Саудияликлар ҳужум чизиғида Игало, Лусиано Вьетто ва Солиҳ аш-Шеҳри каби номдор футболчилар бор. Бироқ нарх ва ҳатто савия томондан ҳам Шомуродов улардан кучлироқ. ИМҲО! 

gettyimages-1386031357-2048x2048

Элдор Шомуродов меҳнаткаш ва ўз устида ишлайдиган футболчи. Қайси жамоага ўтишидан қатъи назар, биз уни янги жамоасида муваффақият қозонишига ишонамиз. "Рома"да у муваффақиятсизликка учрамади. Моуриньо қўл остида ва А Сериянинг энг номдор клубида ўйнашнинг ўзи катта иш. У шуни уддалади.


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!