7-рақамда тўп суриш менга қўшимча мотивация беради, "Бобур арена"даги атмосферани соғиндим" - Шерзод Эсанов

Бу йил “Андижон” клубига қўшилган футболчилар орасида иқтидорли ярим ҳимоячи Шерзод Эсанов ҳам бор.

Осиё чемпиони – бор эътиборини яна “Андижон”га қаратган. Унинг қайтганидан ишқибозлар ҳам хурсанд. Айни пайтда у ҳам жамоаси билан биргаликда 10 март куни “Бунёдкор”га қарши бўладиган учрашув учун тайёрланмоқда.

“Андижон” матбуот хизмати Эсановдан интерьвю олди.  

- Шерзод, "Андижон" клубига қайтганингиз билан табриклайман. Ҳаммаси қандай юз берди?

- Аввалламбор, ассалому алайкум! Хабирингиз бўлса, “Андижон” билан шартномам бор эди ва шу шартнома тугади. “Андижон” жамоаси томонидан менга таклиф бўлди ва бу таклифга рози бўлдим.

эсанов2

- Ўтган йилнинг иккинчи ярмида "Андижон"дан "Олимпик"ка ўтгандингиз ва бу йил яна собиқ клубингизга қайтдингиз. Айтинг-чи, ўтган вақт давомида бу ерда қандай ўзгаришларни сездингиз?

- Агар “Олимпик”да ўтган вақтимга келадиган бўлсак, у ерда кўп нарса ўргандим.  Ярим йил ичида эмас, бир йил деса ҳам бўлади. Сабаби, йилнинг биринчи қисмида ҳам терма жамоа сабаб клубимда бўлмадим. Ўйин услуби ва бошқа нарсаларда ўзгариш сездим ва шу нарсаларга мослашиш ишлари бўлмокда, десам ҳам бўлади. Бу ерда ўзимни кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз.

- Бу мавсумда футболчи сифатида ўзингизни ва жамоанинг потенциалини қандай баҳолайсиз?

- Биз ҳар доим ўзимизга катта мақсад қўямиз. Худо хоҳласа, “Андижон” мухлисларини хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

- Сиз 7-рақамни танладингиз. Нима учун?

- Билмадим. Шу рақам бўшлигини билган ҳолда сўрадим. Шу рақамда ўйнаш ниятим бўлди ва бу менга қўшимча мотивация беради.

эсанов

- "Бунёдкор"га қарши баҳсга тайёргарлик қандай кетяпти? “Бобур арена”да тўп суришни соғиндингизми?

- “Бунёдкор”га қарши ўйинга яхши тайёргарлик кўряпмиз. Мухлисларимиз олдида ғалаба қозониш ниятидамиз. “Бобур арена”га келсак, албатта ўзига хос атмосферани соғиндим.

- Олмалиқдаги дурангдан қониқдингизми?

- Ўйин курашлар остида ўтди. Айтиб ўтганимдек, биз ҳар ўйинга фақат ғалаба қозониш учун чиқамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!