8 та даъвогар жамоамиз нима учун ОФК лицензиясини қўлга кирита олмаганини биласизми?

ЎзПФЛ матбуот хизмати ўзининг расмий саҳифаси орқали Ўзбек клубларининг ОФК лицензиялаш дастурида қатнашгани борасида туркум маълумотлар бериб бормоқда.

Бу сафар 25 та клуб лицензиялаш учун ҳаракат қилган бўлса, шулардан 8 таси муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар бермоқда.

“Сурхон”. Суперлига клублари орасидан фақатгина “Сурхон” лицензияга эга чиқа олмади ва ўзининг лигадаги ўрнини хавф остида қолдирди. Боиси, “Сурхон” собиқ футболчи ва мураббийлар олдидаги қарзларини тўлиқ бартараф этгани йўқ. Футбол клубининг янги инвесторлари жамоани молиялаштириш ҳамда “Сурхон” аренани таъмирлаш ишларини олиб бораётган бўлса-да, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўз чекига тушган эски қарздорликни бартараф этиш вазифасини шу йилнинг 31 март санасига қадар ҳал қила олмади.

Шунингдек, “Сурхон” арена прожекторлари талаб қилинган вақт ичида ОФК талабларига мослаштирилмади. Айнан шу сабаб туфайли Лига кетма-кет иккинчи мавсум “Сурхон”га ўз аренасида ўйнаш учун рухсат бермайди.

Маълумот учун, “Сурхон” арена прожекторлари 17 июнь санасига кўра талабга мослаштирилди ва айни вақтда Лига мутахассиси буни кўздан кечириш учун Термизда бўлиб турибди.

“Қўқон-1912”. Клубда ёшлар билан ишлаш тизими раҳбарида А лицензияси мавжуд эмас. Маълумот учун, айни вақтда клубни бошқариб келаётган мутахассисда ҳам Про лицензияси мавжуд эмас.

“Хоразм”. Бош мураббий Про лицензиясига эга эмас. Шунингдек, ёрдамчи мураббийда А лицензияси йўқ.

“Ғиждувон”. Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас.

“Андижон-SGS”. Бош мураббийда Про лицензияси йўқ.

“Дўстлик Тошкент”. Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Шунингдек, клубда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий фаолият олиб бормайди.

“Зомин”. Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Стадион прожекторлари ҳам ОФК талаби даражасида эмас.

“Янгиер”. Ёшлар тизими билан ишлаш дастури йўқ. Стадион прожектори йўқ. Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Аудиторлик ҳисоботи тақдим этилмаган.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!