9 та жамоа бош мураббийлари Файзуллаевни танлади!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ЦСКа ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг 2023-2024 йилги мавсуми якунига кўра, “Winline Россия Премьер-лигаси қаҳрамонлари”, деб номланган танловда ғолиблар қаторидан жой олгани ҳақида хабар берган эдик.
20 ёшли футболчимиз “Мавсумнинг энг яхши футболчиси” ва “Мавсум кашфиёти” йўналишларида танловнинг финал босқичида иштирок этди.
Танлов бир неча босқичда ўтказилиб, овоз беришда футбол жамоатчилигининг барча қатламлари – журналистлар, блогерлар, мухлислар, экспертлар, жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари қамраб олинди.
Дастлабки босқичларда сараланиб, якуний қисмга етиб келган номзодлар орасидан ғолибларни жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари аниқлаб берди.
Аббосбек Файзуллаев “Мавсумнинг энг яхши футболчиси” йўналишида якуний ўнталикдан жой олди. Иккинчи йўналиш – “Мавсум кашфиёти” номинациясида ҳамюртимиз ғолиб бўлди.
“Мавсум кашфиёти” номинациясининг якуний босқичида уч нафар футболчи – ЦСКА вакили Аббосбек Файзуллаев, “Динамо Москва” легионери Бителло ва “Крилья Советов” ўйинчиси Никита Салтиков номзоди кўрсатилган.
Бу йўналишда ғолиб бўлган Аббосбек Файзуллаевга Премьер-лигада иштирок этган 16 клубдан тўққизта жамоанинг бош мураббийлари овоз бергани маълум бўлди. Ҳатто, Россия чемпионлига сазовор бўлган “Зенит” бош мураббийи Сергей Семак ҳам мавсум кашфиёти сифатида ўзбек легионерини тан олди.
Семакдан ташқари, ҳамюртимизга Владимир Федотов (ЦСКА), Рашид Раҳимов (“Рубин”), Магомед Адиев (“Ахмат”), Михаил Галактионов (“Локомотив”), Виктор Гончаренко (“Урал”), Владимир Слишкович (“Спартак”), Мурад Мусаев (“Краснодар”) ва Сергей Игнашевич (“Балтика”) овоз берди.
Бош мураббийлардан тўрт нафари Никита Салтиковни, учтаси Бителлони танлади.
Премьер-лиганинг 16 нафар сардоридан энг кўп – саккиз нафари Аббосбек Файзуллаев мавсумнинг асосий кашфиёти сифатида эътироф этди. Игорь Акинфеев (ЦСКА), Дуглас Сантос (“Зенит”), Олег Иванов (“Рубин”), Данил Глебов (“Ростов”), Кирилл Гоцух (“Нижний Новгород”), Ираклий Квеквескири (“Факел”), Денис Кулаков (“Урал”), Кристиян Бристович (Балтика) ўзбек футболчисига овоз берди.
Рақобатчилардан Никита Салтиков жамоалар сардорларининг олтитасига маъқул келган бўлса, Бителло тарафдорлари икки нафар бўлди.
Фикрлар