АГМКнинг рақиби “Ан Насср” - «Fair Play»ни олган тарихдаги биринчи клуб
19 февраль куни АГМК Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқиш учун плей-оффда Саудия Арабистонининг “Ан Насср” клуби меҳмони бўлади.
“Ан Насср” Саудия Арабистони пойтахт жамоаларидан бири ҳисобланади. Клуб 1955 йилда ташкил этилган. Уй учрашувларини 70000 мухлисга мўлжалланган “Қирол Фаҳд” стадионида ўтказади. Шунингдек, 27000 мухлисга мўлжалланган “Шаҳзода Файсал бин Фаҳад” стадионидан ҳам фойдаланади. ОФКдан келган хабарга кўра, мезбонлар АГМК жамоасига қарши баҳсни шу 27000 мухлис сиғадиган аренада ўтказишни режалаштиришган.
«Ан Насср” мамлакат чемпионатида 7, Қирол кубогида 7, Шаҳзода кубогида 3 ва Саудия Арабистони футбол федерацияси кубогида 3 марта зафар қучган.
Халқаро майдонда Осиё Кубок эгалари кубоги, Осиё Суперкубоги, Дамашқ халқаро кубоги ва икки марта Форс кўрфази чемпионлигига сазовор бўлган.
2000 йили клублар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этган ва айнан ўша муссобақада тарихда илк бор топширилган «Fair Play» мукофоти эгасига айланган.
“Ан Насср”нинг клубларимизга қарши натижалари
Ўзбекистон клубларининг Ар-Риёд шаҳри жамоаси билан ОЧЛдаги ўзаро ўйинларига тўхталиб ўтамиз.
ОЧЛда «Ан Насср» билан «Пахтакор» 2 марта, «Бунёдкор» 4 бор тўқнаш келган. Ҳозирча бу рақибга қарши Ўзбекистон клубларининг натижалари ижобий эмас: 6 ўйинда 3 дуранг ва 3 мағлубият, тўплар фарқи: 6-12.
«Бунёдкор»нинг «Ан Насср» билан ҳар икки дуранг натижаси сафарда ва эътиборли жиҳати февраль ойида қайд этилган. 2015 йил 24 февралдаги беллашув 1:1, 2016 йил 23 февралдаги учрашув эса 3:3 ҳисоби билан тугаган. Диққатга сазовор яна бир ҳолат, ҳар икки тўқнашувда ҳам ҳисобни «Бунёдкор» очган.
"Ан Насср" таркибида кимлар ўйнайди?
Хабарингиз бор, ОЧЛда легионерлар лимити 3+1ни ташкил этади. Португалиялик мураббий Руи Витория ушбу мусобақа учун 4 нафар легионерни рўйхатдан ўтказди. Булар ҳимоячи Майкон Роке (Бразилия), ярим ҳимоячи Жулиано (Бразилия), Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ (Марокаш) ва дарвозабон Брэд Жонс (Австралия).
Бундан ташқари яна бир нечта хорижлик футболчи лимит туфайли ОЧЛ қайдномасига киритилмади. Булар Бруно Увини (Бразилия), Петрос (Бразилия), Аҳмад Муса (Нигерия) ва Нурдин Амрабат (Марокаш).
Дарвозабонлар: 1.Брэд Жонс (Австралия), 22.Абдуллоҳ Ал Овайшир, 31.Зайд Ал Баварди, 33.Волид Абдуллоҳ
Ҳимоячилар: 2.Султон Абдуллоҳ, 4.Умар Иброҳим, 13.Абдулраҳмон Ал Обайд, 18.Майкон Роке (Бразилия), 20.Ҳамад Фарис Ал Мансур, 21.Муҳаммад Ал Шанқити, 26.Абдуллоҳ Маду, 37.Наиф Алмас
Ярим ҳимоячилар: 8.Яҳё Ал Шеҳри, 14.Иброҳим Муҳаммад, 15.Аҳмад Ал Фрайди, 16.Абдулазиз Жебрин, 17.Абдуллоҳ Ҳайбари, 25.Наваф Ал Фаршан, 27.Авад Ҳамис, 29.Ракан Ал Шамлан, 38.Фаҳад Ал Жумеиаҳ, 39.Абдулраҳмон Ал Доссари, 45.Фараж Ал Гашаян, 77.Жулиано (Бразилия)
Ҳужумчилар: 9.Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ (Марокаш), 10.Муҳаммад Ал Саҳлави, 42.Фирас Ал Брикан, 71.Абдуллоҳ Ал Салим.
«Ан Насср” – АГМК ўйини бугун Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.
Ушбу жуфтлик ғолиби «А» гуруҳидан жой олади. Биринчи тўртликда «Ал Васл» (БАА) ва «Ал Завра» (Ироқ) клублари бор. Яна бир жамоа номи плей-офф босқичидан сўнг маълум бўлади. Даъвогарлар: "Ал Гарафа" (Қатар) ва "Зоб Оҳан" (Эрон).
Фикрлар