Endi u Premier-ligada o'ynaydi! "Dinamo" Samarqand futbolchi transferini e'lon qildi
Самарқанднинг «Динамо» клуби матбуот хизмати 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган ўзбек футболчиси Жаҳонгир Ўрозов Қозоннинг «Рубин» жамоасига ижара асосида ўтаётганини, шартномада футболчини сотиб олиш имкони ҳам назарда тутилганини маълум қилди.
Ўрозов «Динамо» таркибида уч мавсум давомида 55 та ўйин ўтказиб, бир бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Нуфузли Transfermarkt интернет-манбаси ҳимоячининг бозор қийматини 1,2 миллион евро атрофида баҳолаган.
Жорий мавсумда Россия Премьер-лигасида икки тур ўтказган «Рубин» ҳозирча уч очко тўплаб, турнир жадвалида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Қозонликлар ички чемпионатнинг 3-турида ўз майдонида «Оренбург» жамоасини қабул қилади. Учрашув 9 август куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 22:30 да старт олади.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Рубин» 22 ёшли футболчини 100 минг евро эвазига ижарага олиши, шартномада эса уни 700 минг еврога тўлиқ сотиб олиш имконияти кўзда тутилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
Бу маълумотларни Самарқанднинг «Динамо» клуби, хусусан, жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам, «Рубин» устози Франк Артига ҳам тасдиқлаган.
Жаҳонгир Ўрозов учун бу трансфер молиявий жиҳатдан ҳам жиддий қадам ҳисобланади. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳозирча унинг йиллик маоши тахминан 96 минг доллар атрофида. «Рубин»да эса Ўрозов бир мавсум учун 450 минг евро иш ҳақи олиши кутилмоқда.
Натижада, ҳимоячининг даромади аввалги маошига нисбатан тўрт баравардан кўпроқ ошади.
Жаҳонгир Ўрозов аслида футбол сирларини Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тизимида ўзлаштирган. Асосий жамоа сафида дебютини 2022 йилда ўтказган. 2023 йилда у Туркиянинг «Эюпспор» клубига йўл олди, шундан сўнг Самарқанднинг «Динамо» клуби томонидан ижарага олинди. 2025 йил февраль ойида «Динамо» унинг тўлиқ трансферига эга чиқди.
Ёшлар даражасида Ўрозов 2023 йилда U-20 Осиё кубоги ғолиби бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга тушган. Ўша йили у ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, турнирда тўртта ўйин ўтказган.
2026 йил баҳорида ҳимоячи катталар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоасида дебют қилди. Илк учрашувидаёқ, яъни Габонга қарши беллашувда гол уриб, жамоага 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишда ёрдам берди.
Ёзда Ўрозов Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати учун терма жамоанинг якуний рўйхатига киритилди. У гуруҳ босқичидаги икки учрашувда майдонга тушиб, жами 93 дақиқа ўйнади: Колумбияга қарши баҳсда захирадан майдонга тушди, Конго билан ўйинда эса асосий таркибда ҳаракат қилди.

Fikrlar