БЎСМ директори кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)
Ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишда, уларнинг истеъдодларини шаклланишида, спортга бўлган иштиёқни кучайтиришда, оммавийликка эришишда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг ўрни беқиёс.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг устоз-мураббийлари ҳам туман ёшларини спортга ошно этиш йўлида жонкуяр. БЎСМда спортнинг каратэ, футбол, эркин кураш, стол тенниси бадиий гимнастика, енгил атлетика, бел олиш кураши, турон, қўл тўпи, бокс, сузиш, оғир атлетика, баскетбол, дзюдо, таэквондо, ўзбек жанг санъати турлари бўйича 2284 нафар ўғил-қизлар мунтазам тўгаракларга қатнашади. Машғулотларда тобланиб, иродаси кун-сайин мустаҳкам бўлаётган БЎСМ тарбияланувчилари мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда совриндорлар сафидан муносиб ўрин олиб, шода-шода медаллар билан қайтаётгани спорт мактабининг тажрибали мураббийларидан иборат жамоанинг меҳнатсеварлигидан, ўз касбининг фидоийлари эканлигидан далолат.
Мазкур БЎСМ директори Комилжон Одиловни кўпчилик спорт мутахассислари яхши танийди. Камтар инсон, спорт унинг ҳаёти. Ҳар куни мураббийларнинг спорт машғулотларини кузатишдан, уларга керакли маслаҳатларни беришдан чарчамайди. Каратэ спорт тури бўйича мураббийлик фаолиятида ўнлаб шогирдлари жаҳон ва осиё чемпионатларида кучлилар қаторидан жой олишга муваффақ бўлган. У бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. 4-ДАН қора белбоғ соҳиби. 2010 йилдан бўён ушбу БЎСМга раҳбарлик қилиб келади.
5 октябрь куни Комилжон Одилов учун қувончли кун бўлди. Боиси, шу куни тумандаги аҳоли маданият ва дам олиш марказида, мураббийлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан таъсис этилган “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Нишонни Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Абдуллаев тантанали тарзда топширди.
- Эътироф учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига, спорт мутахассисларига, устоз-мураббийларга ташаккур айтаман, - дейди Комилжон Одилов. – Бу кўкрак нишони биргина меники эмас, балки бутун бир жамоамизники, деб ҳисоблайман. Берилган мукофот бизга масъулият юклайди. Фарзандларимизни спорт билан ҳамнафас бўлишида, жисмоний тарбияни янада аҳоли орасида кенг оммалашишида, ёш иқтидор эгаларини эрта аниқлаб, катта спорт сари йўналтириш йўлида бор билим ва тажрибамизни ишга солишда давом этамиз.
Илҳом РАҲМОНОВ.
Фикрлар