“Барселона” янги мавсумда қай кўриниш ҳосил қилади?

Каталонияликлар ўтган мавсумда Ла Лигани юқори кайфиятда ўтказган эди, бироқ ушбу ёзда таркибни сезиларли кучайтириб олгач, бу ишини Европада ҳам давом эттириши мумкин.

Таркибни кучайтириб олгач, “Барселона” азалий рақиби “Реал”, “Атлетико” ва бошқа даъвогарларга Ла Лига тожини бермаслиги эҳтимоли юқори.

25 бор Ла Лига ва 30 бор Қирол Кубогини ўзиники қилиб олгач, “кўк-анорранглилар” ўтган мавсумда 36 ўйинда енгилмас жамоа бўлиб келди.

Бироқ улар Чемпионлар Лигасининг чорак финалида кутилмаганда “Рома”дан мағлубиятга учради. Дастлабки ўйинни ўз уйида йирик ғалаба билан бошлаган Валверде шогирдлари Римдан йирик мағлубият билан қайтиб келди.

Европанинг нуфузли соврини Каталония гиганти учун асосий нишон ҳисобланади. Валверде ўзининг иккинчи мавсумида барча фронтларда юқори натижалар кўрсатишига умид қилинмоқда. Айниқса таркиб кучлилигини инобатга олсак бу ҳақиқатга айланиши мумкин.

Демак, каталонияликлар янги мавсумда қуйидагича кўриниш ҳосил қилиши мумкин:

Дарвозабонлар:

Марк-Андре Тер Штеген сўзсиз “Барса”нинг асосий дарвозабони бўлади. Немис юлдузи жамоанинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Унинг ортдан туриб аниқ узатмалар ошириши, ажойиб сейвлар амалга ошириши билан “Барселона”нинг услубига жуда мос тушади.

Унга ўринбосар сифатида Яспер Силессен бўлиши аниқроқ. Боиси Валверде уни қўйиб юбормоқчи эмас. Голландиялик дарвозабон эса доимий ўйин амалиётига эга бўлишни истамоқда. Бироқ унинг вақти асосан Қирол Кубоги билан чегараланиб қолмоқда.

Ҳимоячилар:

Ўтган мавсумда иккинчи энг кучли ҳимоя чизиғи бўлган “Барселона” бу борада фақатгина “Атлетико”дан ортда қолган. Бу ёзда “Севилья”дан келиб қўшилган Клеман Лангле асосий таркиб ҳимоячилари – Жерар Пике ва Самюель Умтитига рақобатчилик қилиши кутилмоқда.

Қанотларда эса Жорди Альба ўз ўрнини ҳеч кимга бермайди. Боз устига унинг асосий рақобатчиси Люка Динь “Эвертон” футболчисига айланди.

Қарама-қарши томонда эса вице-капитанга айланган Серхи Роберто ва Нелсон Семеду асосий таркиб учун жиддий кураш олиб боради.

Ярим ҳимоячилар:

Ушбу чизиқда клуб афсонаси Андрес Иньеста ва Паулиньо тарк этганига қарамай, уларнинг ўрнига Артур ва Артуро Видаллар олиб келинди. Валверденинг ярим ҳимоядаги вариантлари сони янада ортди. Артурни жамоанинг бошқа бир афсонаси Хавига қиёслашмоқда, чилилик футболчи эса ўз тенгдошлари орасида энг кучлиларидан бири. Бироқ жароҳатлар сабаб сўнгги йилларда “Бавария”даги ўз ўрнини йўқотиб қўйди.

Ярим ҳимоя директори Серхио Бускетс навбатдаги мавсум учун бутун масъулиятни ўз бўйнига олади. Иван Ракитич эса асосий таркибдаги ўрнини йўқотмаслиги учун анча тер тўкишига тўғри келади. Чунки унга Филипе Коутиньо, Денис Суарес, камига Артур ва Видаллар кўз тикиб турибди. Валверде эса афтидан бундай таркиб билан яна 4-3-3 ўйин тизимига қайтиши кутилмоқда. Шу сабабли ушбу чизиқдаги вазиятни кузатиш анча қизиқарли кечади.

Ҳужумчилар:

Алиштириб бўлмас Лионель Месси ёш масаласи унга тўсиқ бўлмаслигини исботлашда давом этишга уриниб кўради. “Камп Ноу”даги дебют мавсуми жароҳатлар билан кечган Усмон Дембеле Франция билан Мундиални ютгач ўзига бўлган ишонч ортгани табиий. Унинг Испания Суперкубоги учун баҳсда “Севилья”га урган голи таҳсинга сазовор.

Месси ва Дембеле билан бирга Луис Суарес ҳам ҳужумдан жой олиши аниқ. Ўтган йилда унинг ўйинидаги пасайиш анча сезиларли бўлган бўлса, уругвайлик ҳужумчи бу мавсумда қандай қилиб спорт формасини тиклаб олишини кузатиш мароқли бўлади.

Агарда юқорида тилга олинган ҳужум учлиги баъзи сабабларга кўра майдонда бўлмаса уларнинг ўрнини Рафинья, Суарес ва янги аъзо Малкомлар тўлдиришга уриниб кўради. Коутиньо ҳам яна бир вариант бўлиши мумкин.

Агарда трансфер ойнаси ёпилгунига қадар клубни тарк этишмаса, Пако Алькасер ва иқтидорли Мунирлар ҳам асосий таркиб ҳужумчиларига рақобатчилик қилишади.

“Барселона”нинг асосий таркиби қандай кўриниш ҳосил қилади?

Майдоннинг ҳар бир чизиғида, айниқса ярим ҳимоядаги вариантларнинг кўплиги Валверде учун ҳақиқий бош оғриғи бўлиши табиий.

Рақибнинг ва ўйиннинг аҳамиятига қараб бош мураббийда бир неча комбинацияларни ишлатиш имконияти мавжуд. Ўтган мавсумда Валвердени 4-4-2 ўйин тизимидан фойдалангани учун танқид қилишди. Бироқ бу мавсумда у ҳужумкорликни танлаши ва клуб учун анъанавий 4-3-3 ўйин схемасига қайтиши мумкин. Валверде шунингдек, 4-2-3-1 ўйин тизимини ҳам қўллаши мумкин. Бунда Бускетс ва Ракитич таянч ярим ҳимоясида ўйнайди. Месси эса “алдамчи ўнлик” вазифасини бажарса, Коутиньо ва Дембеле Суаресни қанотлардан қўллаб туришади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат бу ўнг қанот ҳимоясидаги рақобат. Серхи Роберто ва Семеду мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун жангга шай туришибди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!