Бекободда мавсум тайёргарлиги қизғин кечмоқда

Жамоа аъзолари Қибрай ўқув машғулот масканида шуғулланишаётган бўлишса, Бекободда “Металлург” марказий стадионини мавсумга ҳозирлаш ишлари авж палласига кирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Стадионнинг майдонини рисоладагидек ҳолатга келтириш масъулиятини пойтахтлик мутахассислар ўз зиммаларига олишган. Денис Ан бошчилигидаги ишчи гуруҳи айни пайтда майдонга тупроқ ётқизиш ишларини якунлаб, суғориш тизимини замонавийлаштириш ишларини бошлаб юборишди. Шунинг баробарида мутахассислар дренаж жараёни сифатини оширишни ҳам унутишаётгани йўқ.

Бекобод ўзининг ноқулай иқлими – кучли шамоллари билан машҳур. Афсуски, табиатнинг бу инжиклиги “Металлург” стадиони ишчи хизматчиларига ҳам қийинчилик туғдириб келади. Ўтган мавсум ўрталарида стадионнинг ёритғич тизими янгиланганди. Янги мавсум арафасида бу мосламаларни яна қайтадан кўздан кечириб чиқиш, ўрнида қўзғалган прожектор чироқларини қайта мустаҳкамлаш, уларнинг настройкасини майдонга тўғрилаш керак бўлади. Айни пайтда “Ўзметкомбинат” электр монтаж бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда стадионнинг мазкур йўналишдаги камчиликлари ҳам бартараф этилиши кўзда тутилган.

Илгари хабар берганимиздек, Бекобод шаҳрининг Сирдарё кўчаси ҳудудидан “Металлург” футбол академиясини қуриш учун ер ажратилганди. Муассис ташкилот бошқармаси қурилиш ишлари лойиҳасини тасдиқлаб бергач, академияни барпо этиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Хусусан, футбол майдонлари учун ер ҳудуди текисланаяпти. Академия тарбияланувчилари учун ётоқхонани таъмирлаш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли профилактория ётоқхонага мослаштирилаяпти ва бу масканда жорий ва капитал ремонт ишлари бошлаб юборилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!