Болалар футболи: Мини-футбол бўйича “ЎФА Кубоги” мусобақасининг 4та босқичи якунига етди

Ўзбекистон футбол ассосациацияси томонидан мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш ва уни оммавийлаштириш мақсадида кўплаб мусобақалар, фестиваллар ва турнирлар  ўтказиб келинмоқда. 
 
2018 йилда Ўзбекистон футбол ассосациацияси томонидан жами 1000 га яқин мусобақалар ўтказилди. Ушбу мусобақаларда ўзини кўрсата олган ёш футболчилар Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига саралаб олинди. 
 
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Халқ таълим Вазирлиги ўртасидаги имзоланган Меморандумга асосан  умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида мини-футбол (футзал) бўйича “ЎФА КУБОГИ” мусобақаси ташкил этилди.
 
Мазкур мусобақа 5 босқичда ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунга келиб мусобақанинг 4та босқичи ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг 1-босқичи мактаб ўртасида ўтказилиб,  унда жами: 8276та умумий ўрта таълим мактаблари қатнашди. Биринчи босқичда 50 минг нафарга яқин ўқувчи-ёшлар мусобақаларга жалб қилинди. 
 
Мусобақанинг 2-босқичи туман (шаҳар) миқиёсида бўлиб ўтди. Унда жами 6269та умумий ўрта таълим мактаблари қатнашган бўлса, жами 80 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Мусобақанинг 3-вилоят босқичи 203та умумий ўрта таълим мактабларини қамраб олди. Мусобақаларга жами икки ярим мингдан ошиқ ўқувчи-ёшлар жалб қилинди.
 
Мусобақанинг 4-минтақавий босқичи 2019 йилнинг 18-20 январь кунлари бўлиб ўтди. Бу босқич Жиззах, Навоий, Наманган ҳамда Тошкент вилоятларида ўтказилди ҳамда унда. жами 14та умумий ўрта таълим мактабларининг икки юзга яқин ўқувчи-ёшлари қатнашишди. Ҳудудий мусобақада Республика финал босқичига Қашқадарё, Наманган, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри жамоалари йўл олди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.
 
Ўтказилган 4та босқич давомида жами 130 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар мусобақаларга жалб қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!