Бугун ишқибозлар “Самарқанд дарвоза”да Суперкубок билан суратга тушишлари ва эртанги ўйинга бепул чипта олишлари мумкин
Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Суперкубоги учрашувини юқори савияда ташкил этиш йўлида “Самарқанд дарвоза” савдо-кўнгилочар маркази билан келишувга эришгани ҳамда Суперкубок учрашуви олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари ҳамда футболчилари иштирокидаги матбуот анжумани ушбу марказда бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.
Режага кўра, бугун - 22 февраль куни Миржалол Қосимов ҳам, Андрей Фёдоров ҳам матбуот анжуманига жамоанинг етакчи футболчилари билан ташриф буюради. Бунда анжуман одатдаги кўринишда эмас, байрамона руҳда ўтиши асосий аҳамият касб этади. Мазкур жараённи исталган футбол мухлиси кузатиб бориш имкониятига эга.
Ўзбекистон кубоги соҳиби – АГМК жамоаси бош мураббийи ва етакчи ўйинчилари иштирокидаги ўйинолди матбуот анжумани соат 17:30да бошланади. Мамлакатимиз чемпиони – “Локомотив” бош мураббий ва етакчилари иштирокидаги матбуот анжумани эса соат 18:00да бўлиб ўтади.
ПФЛ расмий сайтининг хабар беришича Ўзбекистон Суперкубоги ғолибига топшириладиган соврин ҳам бугун “Самарқанд дарвоза”га олиб келинади. Истовчилар унинг фонида футболчилар ҳамда мураббийлар билан суратга тушишлари мумкин. Суперкубок соат 15:00дан бошлаб “Самарқанд дарвоза”да суратга тушиш учун ҳозир бўлади. Шунингдек, 23 февраль куни “Пахтакор” стадионида ўтказиладиган Суперкубок ўйини учун Профессионал футбол лигаси ташриф буюрувчиларга бепул чипталар ҳам тақдим этади.
Фикрлар