Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида яна медаллар қўлга киритилди

Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг тўртинчи кунида спортчиларимиз гюлеш (Азарбайжон кураши), аширтмали аба гюлеши (Туркия кураши) турлари бўйича баҳсларга киришгани ва кўпкаричиларимиз ярим финалга чиқишгани ҳақида хабар берган эдик.

Дунёнинг 41 давлатидан 54 нафар спортчи иштирок этган аширтмали аба гюлеши (Туркия кураши) бўйича ўтказилган баҳсларда вакилларимиз Алишер Худойбердиев (-80 кг) олтин, Ислом Носиров мутлақ вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Гюлеш (Азарбайжон кураши) бўйича ўтказилган ўйинларда юртдошимиз Шерали Шодмонов (-80 кг) бронза медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

2_2.730x400

Шунингдек, кеча, 6 сентябрь куни ўтказилган кўпкари бўйича ярим финал баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон жамоаси устидан 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал баҳслари бугун, Тошкент вақти билан 17:00да Чўлпон-Ота шаҳридаги “Ипподром” аренасида ўтказилиб, унда вакилларимиз мезбон Қирғизистон жамоаси билан беллашадилар.

Бугун, 7 сентябрь куни спортчиларимиз кураш ва самбо турлари бўйича ҳам баҳсларга киришишди ва дастлабки натижалар қайд этилди. Кураш бўйича жамоамиз аъзолари Мухриддин Тиловов (-66кг) ва Темурхон Тўраев (-81 кг) ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритишди.

85516_w750_h562_r (1)

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган спортчилар 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ медаллар жамланмаси учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан илк бор расман иштирок этмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!