
Чехия гўзалларига тенг келадигани йўқ
Францияда теннис бўйича аёллар терма жамоалари ўртасидаги нуфузли мусобақа - Федерация кубогининг финали бўлиб ўтди.
Мусобақа финалида мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган Франция ва Чехия теннисчилари ўзаро куч синашди. Икки кун давом этган мусобақанинг яккалик беллашувларида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Унда франциялик Каролин Гарсия аввал Петра Квитовани 7:6, 6:3, кейин Каролина Плишковани 6:3, 3:6, 6:3 ҳисобида енгиб, жамоасига икки очко келтирди.
Яна икки учрашувда Каролина Плишкова Франция терма жамоаси аъзоси Кристина Младеновични 6:3, 4:6, 16:14, Барбора Стрицова эса Ализе Корнени 6:2, 7:6 ҳисобида таслим қилиб, умумий ҳисобни тенглаштирди.
Финал ғолиби жуфтлик беллашувларида аниқланди. Унда Кристина Младенович ва Каролин Гарсия дуэти Каролина Плишкова ҳамда Барбора Стрицова билан беллашди. Икки соату 8 дақиқа давом этган баҳсда чехиялик қизлар 7:5, 7:5 ҳисобида зафар қучиб бош совринни қўлга киритди.
Чехия терма жамоаси бунгача 2011, 2012, 2014, 2015 йилларда ҳам мусобақа ғолиби бўлганди.
Фикрлар