«Дайди ўғил»нинг қайтиши

Тьерри Анри ўз фаолиятини бошлаган «Монако»га ниҳоят қайтди. Пайқаганингиздек, бу сафар у бош мураббий сифатида қадрдон жамоасига қайтди. Анри клубнинг сўнгги ўн йилликдаги бешинчи мураббийига айланди.

Унинг қайтишига француз клубининг янги мавсумни омадсиз бошлагани ва турнир жадвалида охиридан иккинчи ўринда қолиб кетаётгани сабаб бўлди.

Икки мавсум олдин энди собиқ мураббийга айланган Леонардо Жардим билан Чемпионлар Лигаси ярим финалчисига айланган ва 1 Лига чемпионлигини қўлга киритганди. Улар қитъанинг энг моҳир футболчиларини, жумладан Килиан Мбаппени етиштириб берганди. Клубнинг ҳозирги аҳволини кўриш жуда ачинарли.

«Монако»да сифатли футболчилар етарлича топилади, гап Анрининг уларни кашф қила олишида. Футболчи сифатида биз ундан кўп нарсани кутишимиз мумкин эди. Аммо мураббий сифатидаги Анриданчи? Албатта буни вақт кўрсатади.

Яқингача Бельгия термаси ёрдамчи мураббийи бўлган собиқ ҳужумчи топ-мураббийлар билан ишлаб анчагина тажриба орттирган. Энди эса ўзининг йўналишини аниқлаб уни амалда татбиқ қилишнинг вақти келди.

Хўш, унинг бошқарувида монегасклар қандай кўриниш ҳосил қилиши мумкин? Қуйида шуни таҳлил қиламиз.

4-4-2 – Венгерча услуб

Анри «Арсенал» билан ўтказган саккиз йиллик фаолияти давомида 226 гол ургани, «тўпчилар»га икки марта Премьер Лигани ютишига ёрдам бергани ва Арсен Венгер қўли остида порлагани туфайли бу икки ном синонимга айланиб кетган десак, муболаға бўлмайди.

2003-04-йилги мавсумни мағлубиятсиз якунлаган «Арсенал» Премьер Лигада бундай натижага эришган биринчи клубга айланганди.

Ўша мавсумда Венгернинг футбол қараши тўлиқ намоён бўлганди: ўйин услуби ва ижро. Албатта шу мавсумдаги 4-4-2 ўйин схемаси Анрида ажойиб таассурот қолдирган бўлиши аниқ.

Биз ўша тактикани янги жамоасида кўришимиз мумкинми? «Арсенал» ёшларга таяниб катта муваффақиятларга эришганди. «Монако»нинг ҳозирги таркиби ўртача ёши ҳам 23.7 ни ташкил қилади. Улар 1 Лигадаги энг ёш жамоа ҳисобланади.

Албатта, таркибда тажрибали футболчилар ҳам бор. Масалан, Даниель Субашич (33 ёш) Анрига кўмак бериши мумкин.

Анри ақлли ҳужумчи эди, у ўзгача истеъдодга эга Деннис Бергкамп билан ажойиб тандем ҳосил қилганди. У янги жамоасида 17 ёшли Пеллегри ва Радамель Фалькаолар ўртасида ана шундай жуфтликни ҳосил қилиши мумкин.

Анри учун қанотлар ҳам жуда муҳим. Робер Пирес ва Фредди Люнберг Венгер тизимида муҳим қисм эди. Худди шу ишни Рони Лопес, Мусса Силла ва Виллем Геббельслар Анри қўли остида бажариши мумкин.

4-3-3 – Гвардиоланинг «сеҳрли шамчироғи»

Агарда уларни енга олмасанг унда уларга қўшил, шиори Анрига тегишли. Чемпионлар Лигаси финалида «Барселона»дан мағлуб бўлгач, Анри бир йил ўтиб «Камп Ноу»га йўл олди. У ерда қаҳрамонимиз Хави, Это’о ва Мессилар билан уч ажойиб мавсумни ўтказди.

Унинг биринчи мавсуми Франк Райкарднинг сўнгги мавсумига тўғри келди. У гарчи мавсумни қуруқ совринларсиз тугатган бўлса, Пеп Гвардиола қўли остида совринларга кўмилиб кетди.

Ветеран футболчига айланиб борган Анри 4-3-3 ўйин услубида Это’о ва Мессилар билан бирга кучли ҳужум учлигини ҳосил қилганди. Уларнинг ортида Бускетс, Хави ва Иньесталар ўйнаганини унутмасак, бемалол ушбу тарифни қўллашимиз мумкин.

Гвардиоладан бу вақт оралиғида кўп нарсаларни ўрганган Анри энди ўз жамоасида буни қўллаши мумкин.

3-4-3 – Мартинеснинг «топишмоғи»

Мураббийликка ўтиш Анрининг режаларида аввалдан бор эди. У бу борадаги дастлабки фаолиятини 2016-йилда бошлади. «Уиган» ва «Эвертон»нинг собиқ мураббийи Роберто Мартинес Бельгия термаси бошқарувига ўтгач, Анри унинг ёрдамчисига айланди.

Унгача Франциянинг энг яхши тўпурари ассистентлик билан бирга Sky Sports билан ҳам ҳамкорлик қилаётганди. Бироқ ёзда у бор эътиборини терма жамоадаги фаолиятига қаратди ва кейинроқ термадан ҳам кетди.

Унинг кетиши айниқча Ромелу Лукакуга таъсир қилди. Афсонавий ҳужумчи «Манчестер Юнайтед» вакилига «алдамчи тўққизлик» вазифасида қандай ўйнаг кераклигини жуда яхши ўргатаётганди. У Бельгия билан Мундиалда учинчи ўринни эгаллашига муносиб ҳиссасини қўша олди.

Мартинеснинг антиқ 3-4-3 ўйин услуби Анрига ёрдам бериши мумкин. Биргаликда ушбу ўйин тизимининг кучли ва заиф томонларини таҳлил қилиб чиққан Анри Франция жанубида ҳам буни амалда синаб кўриши мумкин. Мартинес томонидан чап қанот вингери сифатида қўлланилган Носир Шадли билан қайта учрашув унга мослашишга хизмат қилиши керак.

Жемерсон, Камил Глик ва Бенжамин каби уч марказий ҳимоячи билан жамоа мослашувчанлик ва ҳимояни ҳис қилиши мумкин.

Албатта Мартинес уч кишилик ҳимояга бекорга ўтгани йўқ. Ҳар қандай мураббий замонавий футболда ҳимояда озчилик билан ўйнашни таваккал қилмайди. Аммо Дрис Мертенс, Кевин Де Брюйне, Эден Азар ва Лукаку каби моҳир иқтидорлари бор терма жамоада ҳар қандай турдаги тактикаларни қўллаб кўриш мумкин. Бироқ «Монако»дачи? Стефан Йоветичнинг кучи етармикин? Албатта унга Головин ва Фалькаолар камарбаста бўлишга уриниб кўради. Улар ҳам ҳар ҳолда рақиб ҳимоячиларига таҳдид туғдира олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!