
Легионеримиз Европада юриш қилишга тайёр!
Ўзбекистоннинг энг иқтидорли ўйинчиларидан Умарали Раҳмоналиев фаолиятини ижара асосида Озарбайжоннинг “Сабаҳ” клубида давом эттирмоқда.
Бу жамоа куни кеча Озарбайжон кубогини қўлга киритиб, бош соврин соҳиби сифатида Европа лигасининг саралаш турнирида иштирок этадиган бўлди.
Легионер сифатида илк совринига эга чиққан 21 ёшли футболчимиз озарбайжонлик журналистларга интеврью бериб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Sports.uz портали ушбу суҳбатни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
- Озарбайжон кубоги финалида “Карабах” устидан қозонилган ғалабадан кейин ҳиссиётлар қандай?
- Ўйиннинг ўзи жуда эмоцияларга бой бўлди. Умуман олганда, бундан-да яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Беллашув тақдирини асосий вақтда ҳал қилиб, ғолиблик масаласини қўшимча таймларга қолдирмасак ҳам бўларди, деб ўйлайман.
- Иккинчи бўлимда киритилмаган пенальти бунга халақит қилдими?
- Сабаб фақат шу, демаган бўлардим. Ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Биз муҳим ғалабага эришдик ва клуб тарихида илк бор совринни қўлга киритдик.
- Сиз анча босиқ экансиз. Рақибни енгишга ишонганмидингиз, чунки улар учрашув фаворити эди?
- Ҳа, ишонгандик ва шунга тайёрлангандик. Ўз кучимизга ишончимиз бор эди. Охиригача курашдик ва совринни ҳақли тарзда олдик.
- Бу фаолиятингиздаги биринчи совринми?
- Бунгача Ўзбекистон терма жамоаси билан ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида ғолиб чиққанман ва Россия биринчи лигаси ғолиб бўлганман. Бу даражада эса, илк совриним, дейишим мумкин.
- Кубокни қўлга киритиб, таътил вақтини қисқартирганингизни тушуниб турган бўлсангиз керак...
- Ҳа, албатта. Лекин хафа бўладиган ҳолат эмас. Ҳамма Европа лигасида ўйнаш учун таътилдан эртароқ қайтишдан хурсанд бўлса керак.
- Олдиндаги Евромавсум ҳақида нима дейсиз?
- Европа лигасидаги юришимизни бошлашимиз хурсанд қилади. Тайёргарлик кўрамиз ва қуръа натижаларини кутамиз. Европада муваффақиятли ўйнашни истаймиз.
Европа лигасининг асосий босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Нега уриниб кўрмаслигимиз керак? Биз ўз кучимизга ишонамиз. Премьер-лигадаги омадсиз мавсумдан кейин мамлакат кубогида вазиятни ўнглаб олдик. Ҳамма нарсанинг ўз ҳикмати бор: биз Европа лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритдик.
Эслатиб ўтамиз, Умарали Раҳмоналиев “Бунёдкор” академиясида тарбияланган ва асосий жамоада бир йил ўйнаганидан кейин 2023 йилнинг январида Россияга йўл олган эди.
Якунланган мавсумнинг биринчи ярмида “Рубин” сафида етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаган 21 ёшли футболчини қозонликлар шу йил бошида ижара асосида Озарбайжоннинг “Сабаҳ” жамоасига юборди.
Раҳмоналиевнинг озарбайжонликлар билан ижара шартномаси 2025 йилнинг 31 декабрига қадар давом этади. Наманганлик футболчи Озарбайжон чемпионатида “Сабаҳ” учун 15 та учрашувда иккитадан гол ва ассист қайд этди. Озарбайжон кубогида эса, тўрт маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига учта голли пас расмийлаштирди.
Асли “Рубин”га тегишли бўлган Умарали Раҳмоналиевнинг Қозон шаҳри клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади.
“Манчестер Сити” Ҳусанов бўйича муносабат ва муҳим маълумот чиқарди
Шомуродовнинг суперголига Италиядан қандай муносабат бўлди?
Пеп, бизни Ҳусановнинг ўйинини кўришдан айирма!
Фикрлар