Эркин Ғайбуллаев блогида: Премьер Лига: «тактик юришлар»га аталган дербилар оқшоми
Англия Премьер Лигасининг сўнгги турида бир неча қизиқарли беллашувлар, дербилар бўлиб ўтди ва унда бош мураббийларнинг тактикалари самарали тарзда ишлаганининг гувоҳига айландик. Демак, энг муҳимларига назар соламиз.
«Арсенал» устози Унай Эмери Маурисио Почеттинони тактик ишланмалари билан мағлуб этди ва ютқазаётган жамоасини якунда ғалаба қозонишига сабабчи бўлди.
Турнинг энг шиддатли тактик жанги «Этиҳад Стэдиум»да бўлиб ўтди. Испаниялик мураббий иккинчи бўлимда киритилган икки муҳим гол эвазига ғалабани илиб кетди. Биринчи бўлимда, Ивоби – Колашинац ҳамкорлиги ундан олдинги турда бўлганидек яхши ишлади, аммо «Тоттенхэм»нинг ҳужум учлиги дастлабки бўлимда уларнинг устидан янчиб ўтишди. «Тўпчилар»нинг уч кишилик ҳимояси «тақачилар»нинг ярим ҳимояси босимига дош беролмади.
Эмери қилган хатосини тезда тушуниб етди ва иккинчи бўлимда Александр Ляказетт ва Аарон Рэмзиларни «жанг»га ташлаш билан хатосини тузатди. Рэмзининг икки тезкор футболчи ортида ҳаракатланиши ортидан 3-4-3 ўйин схемаси 3-4-1-2 га ўзгарди.
Рэмзи эса жамоаси ҳужумларини ташкиллаштиришда жонбозлик кўрсатди ва Обамеянгнинг дублида унга голли пасни узатди.
Почеттино эса ҳамкасбининг тузатишидан кейин дарҳол Дайерни орқага ташлади ва у ҳам 3-4-1-2 ўйин услубига ўтиб олди. Бунга жавобан, Эмери Мустафининг ўрнига Генддузини майдонга туширди ва 4-4-2 ромб шаклига ўтиб олди. Бундай схема «тақачилар»нинг уч кишилик ҳимоясини янчиб ташлади.
Рэмзининг ақлли ҳаракатланиши ва Дайернинг кучсиз ҳимояланиши учинчи гол ўтказиб юборишига олиб келди.
Шу тариқа Эмери яқин ўтмишда Премьер Лиганинг энг яхши стратегларидан бирига айланиб олди.
Моуриньонинг «ҳимоявий мўжиза»си
Жозе Моуриньо Премьер Лиганинг янги мавсумида беқарор ўйин кўрсатаётган «Саутгемптон»га қарши энг ғалати схемасини қўллади.
У уч кишилик ҳимоячилар билан бирга асосий таркибда Маруан Феллайни ва Андер Эррерани майдонга туширди. Шу тариқа «Манчестер Юнайтед»нинг таркибида етти ҳимоявий футболчилар пайдо бўлди. Қизиқ!
Бу эса албатта ҳимоя ва ҳужумни боғлашга ҳалал берди. Майдонда икки ҳужумчи – Маркус Рэшфорд, Ромелу Лукаку ва қолганлар бор эди. Бундан албатта энг кўп жабр кўрган Поль Погба бўлди. Франциялик ҳимоячи кўп вақтини тўпни қидириб топиш билан ўтказди.
Моуриньонинг қўрқоқларча бундай услубда ҳаракатланиши «Саутгемптон»ни рухлантириб юборди. Биринчи гол «қизил иблислар»нинг ҳимоядаги саросимасидан унумли фойдаланган ҳолда киритилди.
Иккинчи бўлимда эса португалиялик мураббий фақат ҳужумчиларни майдонга ташлаб ўйинни қутқариб қолишга интилди.
Марсьяль ва Лингарда майдонда ҳаракатланаётган Лукаку ва Рэшфордларга кўмак беришди.
«Ғарбий Лондон» дербисидаги капитуляция
«Стэмфорд Бридж» майдонига эндигина тушган «Фулхэм» тўртинчи дақиқадаёқ Педронинг тезкор голи эвазига карахт ахволга тушиб қолди. «Челси» биринчи бўлимдаёқ дерби тақдирини ҳал қилиб қўя қолди.
«Фулхэм»нинг мезбонлар ярим ҳимоячиларига қарши ўйнай олмаслиги Клаудио Раньери машғулотларга зўр бериб тайёрланиши кераклигини кўрсатиб қўйди.
Жоржиньо 87 узатмани амалга оширган бир паллада Том Кейрни унга тўғаноқ бўлолмади. Меҳмонлар Жоржиньо ва Ковачич билан ўралашиб қолган бир пайтда Нголо Канте янги позициясида яхшироқ ўйин кўрсатишга киришиб кетди.
Хуллас, «Фулхэм» ҳали муаммолар гирдобида ва ўз ечимини кутаётган масалалар етарлича эканлиги барчага намоён бўлди. Уларга нафақат кучли тактика, балки, ўйин вақтидаги қўпол хатолар ҳам сабаб бўлди.
Фикрлар