Германия таслим бўлди ёхуд “қора анъана” давом этмоқда
Амалдаги жаҳон чемпионлари кеча Қозонда Жанубий Корея термасидан кутилмаганда сенсацион мағлубиятга учради ва мусобақа билан хайрлашгани етмагандай, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.
Тони Крооснинг 95-дақиқада Швецияга урган чиройли голи “немис машинаси”га плей-офф учқунларини тақдим қилган эди. Аммо улар Осиё қитъаси вакили Жанубий Кореядан 2-0 ҳисобидаги мағлубиятни қабули қилди ва 80-йиллик анти-рекордини қайд этди. Улар шунча йил ичида биринчи бор Мундиални гуруҳ босқичидаёқ тўхтатишга мажбур бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам немислар гуруҳдан чиқишга арзийдиган ўйин кўрсатишгани йўқ.
Улар Швеция ва Мексикадан мағлубиятга учраб мусобақа билан анча эрта хайрлашган “яраланган” Жанубий Корея тўсиғидан ўта олмади.
Ёахим Лёв миллий терма жамоадаги 12 йиллик бошқаруви остида бирор бир мусобақада ярим финалдан қуйида қолиб кетмаган эди. Бироқ ушбу Мундиалда биз бошқача Германияни кўрдик. Улар дастлабки икки турда атиги уч очко олишга муваффақ бўлди.
Кореяга қарши баҳсда эса ярим ҳимояда анча суст ҳаракат қилди. Осиёликлар эса аксинча даҳшатли кўриниш ҳосил қилди. Лёв шогирдлари тўпни ҳужум чизиғи вакилларига етказиб беришда анча тер тўкишларига тўғри келди.
Жошуа Киммихнинг ўнг қанотдан амалга оширган “юришлари” “Бавария”да бажарганидек чиқмади. Тимо Вернер ва Марко Ройсларнинг ўз позицияларини бироз ўзгартириши ҳам натижа бермади.
Иккинчи бўлимда Марио Гомеснинг сўнгги 30 дақиқада майдонга туширилиши немисларга ҳужумда анча фаол иштирок этишига таъсир кўрсатди. Аммо кореяликлар ҳимояси ҳам немисларнинг ҳужумига дош бера олди.
Қолаверса, “Манншафт” вакиллари ўртасида боғлиқлик ҳам узилиб қолгани яққол кўзга ташланди. Ройс ва Гомес ортида ҳаракат қилган Месут Ўзилнинг узатмалари ҳадеганда ўз эгасига етиб бормади.
“Арсенал” етакчиси сўнгги вазиятни ҳал қилувчи жамоадошларига аниқ узатмаларни оширишда анча қийналди. Сон Ҳён-Мин эса Никлас Зюле ва Матс Хуммелсларнинг хатосидан унумли фойдаланди.
Жанубий Корея ютишга ҳақли ўйин кўрсатди, аммо энг ачинарлиси Германия мағлубиятга лойиқ ўйин намойиш қилди.
Бутун дунё сўнгги дақиқаларда кореяликлар қандай қилиб голлар урганини анча вақт эслаб юради. Мундиаллардаги чемпионлар қисмати – Франция, Италия, Испания бошига тушган “қора кунлар” мана энди навбатдаги европалик чемпионлар бошига тушди.
Германия мусобақани бошини эгган ҳолда тарк этиши кўпчилик футбол ишқибозларини ранжитгани аниқ.
Фикрлар