Ҳаким Фузайлов: ОКМК ҳақида бизда етарлича маълумотлар бор
12 февраль куни Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида ОКМК жамоаси ўз майдонида Тожикистоннинг «Истиқлол» клуби билан беллашади. Иккала клуб ҳам бўлажак ўйинга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Ғолиб номи айнан битта ўйин натижасига кўра аниқланади. Шуни инобатга олганда, ОКМК ҳам, «Истиқлол» ҳам ғалаба учун борини бериши муқаррар. Биз эса табиийки, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган ўз жамоамизни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин шу билан бирга рақибнинг кучига ҳам паст назар билан қараш ноўрин. Барчага яхши маълумки, «Истиқлол» клуби Тожикистоннинг энг кучли клуби ҳисобланади ва улар ОФК Кубогида гарчи муваффақият қозонмага бўлса-да, финалгача етиб борган. Айни пайтда бу жамоани барчамизга яхши таниш бўлган Ҳаким Фузайлов бошқариб бормоқда. У фаолияти давомида юртимизда ишлаб «Бухоро», «Динамо», «Андижон» ва «Локомотив» клубларига устозлик қилган. «Истиқлол» бошқарувини ўз қўлига олгунига қадар эса икки йил давомида Тожикистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилиб келди. Эндиликда эса терма жамоада унинг ўрнини ҳамюртимиз Усмон Тошев эгаллаганидан хабардорсиз. Биз эса ОКМКнинг ОЧЛдаги бўлажак рақибига жиддий эътибор қаратишни лозим топдик. Шу мақсадда «Истиқлол» бош мураббийи Ҳаким Фузайлов билан боғланиш йўлларини топдик. Ўз навбатида Қаюмович ўзбекистонлик журналистлар билан мулоқот қилишга қарши эмаслигини билдирган ҳолда саволларимизга ўз жавобларини йўллади.
- Ҳаким Қаюмович, 2018 йил сиз учун биринчи навбатда нимаси билан ёдингизда қолди?
- Албатта, Россия мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионати орқали ёдимда қолди.
- Бунга қадар Тожикистон миллий терма жамоасига устозлик қилгансиз. Энди эса ўрнингизда Усмон Тошев ишлаяпти. У ҳақида нима дея оласиз?
- Усмонни анчадан бери биламан. «Бухоро» клубини бошқарган чоғимда у жамоа сардори ҳисобланарди. Терма жамоамизга уни бош мураббий этиб тайинлашганини ижобий қабул қиламан. Умид қиламанки, Тошевда ҳамма нарса ўхшайди.
- Тожикистон терма жамоасини ҳам Осиё Кубогида кўришни истагандик. Чунки Марказий Осиёдан Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳам ушбу мусобақада иштирок этишади. Сизнинг бошчилигингиздаги Тожикистон ҳам Осиё Кубогига яқин келганди. Афсуски, бундай бўлмади. Айтинг-чи, охирига келганда вазифа бажарилишига нима етишмади?
- Ўйин борасида терма жамоамиз мусобақанинг финал босқичида иштирок этишга муносиб эди. Аммо саралаш баҳслари давомида етакчи футболчиларимизнинг кутилмаганда жароҳатларга йўлиқиши якуний натижа ижобий кўриниш олишига халақит берди.
- «Истиқлол» Тожикистоннинг кучли клубларидан бири ва эндиликда сиз ушбу жамоани бошқаряпсиз. 12 февралда эса сизнинг жамоангиз Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффида Ўзбекистоннинг ОКМК клуби билан баҳс олиб боради. Бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай олиб бориляпти?
- Ҳа, клуб 10 декабрдан тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. «Истиқлол»нинг ҳам худди ОКМК каби нуфузли мусобақада илк бор қатнашиши муносабати билан зиммамизда катта масъулият ётганини ҳис қилиб турибмиз. Шу билан бирга бўлажак баҳс оғир ўтишига шубҳамиз йўқ.
- Ҳаким Қаюмович, «Истиқлол» қандай мақсадлар учун курашади? Умуман олганда, бош мураббийликка тайинланганингиздан кейин олдингизга қандай вазифалар қўйилди?
- Йилдан-йилга ўтиб боргани сари «Истиқлол» ўз олдига энг юқори вазифаларни қўйиб бормоқда. Жорий йил ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.
- Агар сир бўлмаса, айтинг-чи, ОКМКни ўрганишни бошлаб юбордингизми? У ердаги ўзгаришлардан хабарингиз бўлса керак. Рақибларнинг имконияти тенгми ёки…
- ОКМКда ишлар қандай олиб борилиши юзасидан бизда етарлича маълумотлар бор. Аммо ҳар қандай беллашувлар арафасида мен аввало бошқарувимдаги жамоанинг тайёргарлигига бутун эътиборимни қаратишга одатланганман. Албатта, ОКМКга қарши баҳсга жуда жиддий муносабатда ҳозирлик кўрамиз.
- Бизнинг футболни жуда яхши биласиз. Сизнингча, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида қаергача бора олади деб ўйлайсиз?
- Ҳа, Ўзбекистон терма жамоасини жуда яхши билганим боис гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўта олишига ишонаман. Қолаверса, термангиз анчадан бери қитъанинг энг кучли терма жамоалардан бири эканлигини исботлаб келмоқда.
- Ўзбекистонда ишлашингиз учун яна таклифлар бўлиб турибдими?
- Ҳа, бир қанча клублар мурожаат қилишганди. Лекин иш музокаралар олиб бориш даражасига етиб бормади.
- Ўз вақтида «Динамо» (Самарқанд), «Бухоро», «Андижон» ва «Локомотив» клубларини бошқаргансиз. Ушбу жамоалардаги фаолиятингизга қандай таъриф берасиз? Бир-биридан фарқли жиҳатлари кўзга ташланганми?
- Ўзбекистонда олиб борган фаолиятимда менда фақат илиқ хотиралар қолган. Бундан бошқа бирор гапни қўшимча қила олмайман.
- Москванинг «Локомотив» клубида селекционер мураббий вазифасида ишлагансиз ва ушбу ишингиз юзасидан дунё кезгансиз. Табиийки, бу масалада ҳам етарлича тасаввур ва маълумотларга эгасиз. Сизнингча, бизнинг ўйинчиларга кучли чемпионатларда фаолиятини давом эттириши учун нима етишмаяпти? Тўғри, легионерларимиз йўқ эмас, лекин сони оз…
- Ўзбек футболчиларининг хориждаги нисбатан кучли бўлган чемпионатларда фаолиятларини давом эттиришлари учун бирор-бир тўсиқни кўрмаяпман. Боз устига Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида яратилган бугунги шарт-шароитлар бемалол замон талабларига жавоб бера олади. Бундай шароитда ҳар қандай футболчи маҳоратини «чархлаши» ва четдаги клубларнинг эътиборини қозона олиши мумкин.
- Ўзбек мураббийларидан ким билан алоқани сақлаб қолгансиз?
- Ўзим таниган ва бирга ишлаган мураббийларнинг барчаси билан муносабатим яхши ва ҳозиргача алоқани сақлаб қолганман.
Фикрлар