"Истиқлол" рус клубидан устун келди
Миржалол Қосимов шогирдлари мусобақани саралаш босқичидан бошлашади ва уларнинг илк рақиби Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби бўлади. Қўшниларимиз бўлажак учрашувга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.
Жумладан Ҳаким Фузайлов бошқарувидаги "Истиқлол" айни кунларда Туркияда йиғин ўтказишмоқда. Бугун душанбеликлар мазкур йиғин доирасидаги ўзларининг тўртинчи назорат ўйинларини ўтказишди. Бу сафар уларга Россиянинг "Томь" клуби рақиблик қилди.
Маълумот учун, айни вақтда "Томь" Россияда нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Миллий Футбол лигасида иккинчи поғонада бормоқда. Мазкур беллашувда "Истиқлол" 2:1 ҳисобида рақибдан устун келди. Тожикистон чемпионига ғалаба келтирган голларни Эхсони Панжшанбе ва Искандар Жалиловлар киритишди.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар қўшниларимиз "Тобол" (1:2), "Челик" (2:0) ва "Кёге" (1:1) жамоаларига қарши назорат ўйинида майдонга тушган эдилар.
Энди Ҳаким Фузайлов шогирдлари ўзларининг Туркия йиғинидаги сўнгги учрашувларини эртага ўтказишади. Бу сафар уларга Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби рақиблик қилади.
Маълумот учун, АГМК - "Истиқлол" учрашуви 12 февраль куни Олмалиқда бўлиб ўтади.
Назорат ўйини
"Истиқлол" (Тожикистон) - "Томь" (Россия) 2:1
Голлар: Эхсони Панжшанбе, 21 (1:0). Искандар Жалилов, 65 (2:0), Максим Андреев, 85 пенальтидан (2:1).
Фикрлар