Камончиларимиз Грузиядаги мусобақа муваффақиятли иштирок этишди

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Грузиянинг Батуми шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этишди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Унга кўра Грузия очиқ чемпионати сифатида ташкил этилган баҳсларда 50 дан ортиқ спортчи ўз омадини синаб кўрди. Эътиборлиси, мусобақада ўзбекистонлик мерганлар муваффақиятли қатнашишди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда йигитларимиз кучли учликни ташкил этиб беришди. Биринчи ўринни Зокиржон Гафуров қўлга киритган бўлса, Сардор Рустамов ва Жамшид Содиқов мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Мунира Нурманова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Ёш қизларимиз ичида Зиёда Абдусатторова ҳам иккинчи ўрин соҳибасига айланди. Микст баҳсларида Зиёда Абдусатторова ва Зокиржон Гафуров тандеми биринчи, Камола Юнусова – Жамшид Содиқов жуфтлиги эса учинчи ўринга эга чиқдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!