Кантенинг «Челси»даги янги вазифаси қандай бўлади?
Имконсиз кўринсада, «Челси» юлдузи Нголо Канте ушбу мавсумда ўз вазифалари қаторига янги бир топшириқни қўшиб олди.
Ярим ҳимоячи 2015-йилда «Лестер Сити»га келиб қўшилганидан бери мисли кўрилмаган ўсишга эришди. Ҳозиргача у икки бора Премьер Лига, бир мартадан Англия Кубоги ва Жаҳон Чемпионати бош совринларига эга чиқди.
Канте бугунги кунда энг ақлли таянч ярим ҳимоячиси ҳисобланади. Факт билан исботлайдиган бўлсак, Жаҳон чемпиони ҳар мавсумда 100 дан ортиқ рақиб ҳужумларини тўхтатган.
Бироқ янги бош мураббий Маурисио Сарри келиши биланоқ унга бундан бошлаб ҳужумга қўшилишига «гувоҳнома» берди.
Бунга Жоржиньонинг келиши катта таъсир кўрсатгани аниқ. Айнан «Наполи»нинг собиқ етакчиси уч кишилик ярим ҳимояда таянч ярим ҳимоячиси вазифасини ўтайди. Ушбу чизиқнинг қолган икки вакиллари – Канте ва Росс Баркли «Арсенал»га қарши учрашувда кўпроқ ҳужумда ўз ёрдамлари билан иштирок этишди. Бу эса яққол ҳужумчи Алваро Моратага кенг йўл очиб берди.
У хатто «Хаддерсфильд»га қарши ўз тўпурарлик маҳоратини ҳам кўрсатишга улгурди. «Арсенал»га қарши учрашувда ҳам анча фаоллик кўрсатди. У «тўпчилар» дарвозаси томон уч бора зарба йўллади. Бу ўтган мавсумдаги кўрсаткичидан анча юқори натижа.
У шунингдек, тўртта хавфли вазиятларни яратди. Рақиб жарима майдончаси ичида беш марта тўп билан муомала қилди.
Хўш, Антонио Конте ушбу ёзда клубни тарк этганидан кейин янги бош мураббийга айланган Сарри қўли остида Кантенинг қайси вазифалари ўзгарди?
Канте Саррининг олдинги жамоасида ўнг қанот ярим ҳимoясида ўйнаган Алланнинг вазифаларига ўхшаб кетади.
Жоржиньо таянч ярим ҳимоясидан жой оларкан, Баркли ва Канте, ёки «Реал»дан ижарага келган Ковачич, ё бўлмасам, Лофтус-Чиклар ҳужумчиларга ёрдам беришга боришади.
Бундан ҳам яхшироқ позицияларда ўйнай олсада, ушбу вазифада Кантенинг жамоасига катта фойдаси тегиши мумкин. У «Челси»га рақиб жарима майдончасига яқин жойда кучли босим уюштира олиши ва бу лондонликлар ҳужум вакилларига асқотиши мумкин.
«Хаддерсфильд» устидан 3-0 ҳисобида қозонилган ғалабадан кейин франциялик ярим ҳимоячи янги вазифасига тезда мослашиб кета олишига тайёр эканлигини кўрсатди.
«Янги мураббий, янги тизим. Мен энди бироз ҳужумчидек ўйнайман» – деди beIN Sports га берган интервьюсида – «Мен ҳужумчиларни қидиришга, ҳужумкорроқ ўйин кўрсатишга ва рақибларга муаммо туғдиришга ҳаракат қиламан.»
«Мен бу ролга мослашишим керак ва бу позицияда клуб учун боримни бераман ва умид қиламанки келажакда ишларимиз ўнгидан келади.»
Албатта, Канте таянч ярим ҳимоячиси вазифасига қайтиши ҳам мумкин. Бу фақатгина Жоржиньонинг жароҳат олиши ортидан юз беради.
Ярим ҳимоячининг янги вазифасига тезда киришиб кетиши «Челси»нинг мавсумдаги натижаларига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Фикрлар