Лицензиялаш талабларини бажарган клуб исталган вақтда янги футболчи билан шартномани ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин

Олдинроқ хабар берганимиздек, 17 декабрь санасидан эътиборан Суперлига клублари янги футболчилар билан тузилган шартномаларни ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин. Бу жараён 2019 йилнинг 7 март санасига қадар давом этади.

Қайд этиш жоизки, АГМК ва “Пахтакор” жамоалари Осиё Чемпионлар лигаси саралаши доирасида қолганлардан бироз эртароқ мавсумни бошлашади. Суперлигада янги мавсум старти эса 1 март этиб белгиланган.

Айни пайтда жамоалар таркибини кучайтириш мақсадида ўз сафига қўшиб олишни истаган янги футболчилари билан шартномаларини ПФЛда рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Лекин аввало клублар олдига қўйилаётган талабларни бажариши лозим бўлади. Яъни, олдиндан маълумот берилганидек, “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент”да кўрсатилган талаблар, жумладан ўз академиясига эга бўлиш, уй стадиони майдони яхши ҳолатда бўлишини таъминлаш ҳамда футболчилари олдида қарздорлиги мавжуд эмаслигини кўрсатган клуб ҳафтанинг исталган кунида янги футболчилари билан шартномаларни ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин бўлади.

Футбол клублари шу вақтга қадар футболчилар билан шартномалар тузган ва улар рўйхатга олинган. Лекин ортда қолиб кетаётган қарздорликлар масаласи, ПФЛ томонидан қўйилган талаблар жиддий назоратда бўлмаган. Эндиликда эса ҳаммаси ўз ўрнида ва тартиби билан бўлади. Клуб аввал эски қарздорликлари масаласини ҳал қилади, ундан кейин талабларни бажариш юзасидан иш олиб боради.

Шунингдек, 2019 йилги мавсум учун лицензиялаш талабларида футбол клублари марказлашган тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган. Профессионал футбол лигаси тиббий хулосалар асосида футболчига ўз лигаларида ўйнаш ҳуқуқини тақдим этади. Шартнома тузишдан аввал клуб хоҳ легионер бўлсин, хоҳ маҳаллий ўйинчини марказлашган тиббий кўрикдан ўтказиши шарт бўлади.

Таъкидлаш жоиз, футболчи ва клуб ўртасида тузилган шартнома бир ой муддат ичида рўйхатга қўйилмаса, ПФЛ мазкур шартномани тан олмайди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Суперлига клублари 10 февралга қадар, Про лига жамоалари эса 20 февралгача лицензиядан ўтишлари мумкин бўлади. Лицензиялаш жараёнини муваффақиятли якунлайдиган жамоа янги футболчилар билан шартномаларни ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин. Лицензиялаш муддати тугашига эса оз қолмоқда…

Манба: ЎзПФЛ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!