МОҚда Франциянинг йирик спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи компанияси вакили билан музокара ўтказилди

2 октябрь куни Франциянинг спорт анжомлари ва кийимлари ишлаб чиқарувчи машҳур «Decathlon» компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори Жером Антонио да Сильва билан учрашув ташкил қилинди. Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Жасур Матчанов иштирок этди.

Бош котиб учрашувни бошлар экан, ўзи ҳам спорт билан шуғулланган вақтида айнан «Decathlon» спорт анжомларидан фойдаланганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

- Спортчи бўлганимда мен ҳам айнан «Decathlon» спорт анжомларидан фойдаланардим. Компаниянгиз ўз сифатли маҳсулотлари билан жаҳон бўйлаб ном қозонган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бунинг учун албатта яхши шароитлар ва сифатли спорт анжомлари бизда бўлиши керак, – деди МОҚ Бош котиби.

Франциялик меҳмон бунга жавобан компания миссияси Ўзбекистон кўзлаган мақсадга мос келиши ҳақида гапирди.

- Ўзаро мақсадларимиз бир-бирига мос тушмоқда. Бу ажойиб. Компаниямиз 80 дан ортиқ спорт тури учун спорт инвентарлари ишлаб чиқаради. Жаҳоннинг 45 мамлакатида 1500 дан ортиқ дўконларимиз бор. Мақсадимиз спорт билан шуғулланиш учун барчага шароит яратиб беришдир. Ўзбекистонда кўплаб жабҳаларда ислоҳотлар кетаётганидан хабаримиз бор. Марказий Осиё мамлакатларидан бири билан ҳамкорлик қилиш истагидамиз. Айни пайтда айнан қайси давлатда фаолият бошлаш устида изланишлар олиб бормоқдамиз, – деди Жером Антонио да Сильва.

Ўз навбатида Жасур Матчанов компания учун Ўзбекистон энг маъқул вариант эканлигини, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг афзалликлари ва яна бир қатор қулайликлар ҳақида гапириб берди.

Учрашув якунида анъанага мувофиқ меҳмонларга Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаси тақдим этилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!