МакГрегор Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг ҳудудий бўлимларига велосипед топширди
Пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида “Юртимнинг мунис аёли, спорт билан гўзал камоли” шиори остида тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан келган юзга яқин аёллар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорт Федерацияси раиси Нарбаева Танзила Камаловна сўзга чиқиб, бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини юксалтириш, улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, буни биргина Осиё ўйинларида спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган улкан муваффақият мисол бўла олиши мумкинлигини, шунингдек, мустақил ҳаётга катта умид ва аниқ мақсадлар билан кириб келаётган навқирон авлод вакиллари, айниқса, қизларимиз спортга кундалик турмуш тарзининг бир қисми сифатида қараётгани энг катта ютуғимиз эканлигини, Федерациянинг худудий бўлимларини ривожлантириш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, тадбирда Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ОБСЕ)нинг Ўзбекистондаги лойихалар координатори, элчи Жон МакГрегор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тренер Маркелова Людмила Василевна ҳамда Лондон ва Рио олимпиадаси совриндори, Европа чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси велосипед спорти бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси Забелинская Ольга нутқ сўзладилар.
Тадбир сўнгида Республика Олимпия захиралари мактаб-интернати, Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги ҳудудий бўлимларига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ажратилган жами 40 дона спорт велосипеди тақдим этилди.
Фикрлар