Маъмур Саидқосимов Андижондаги ўйинда дарвозабоннинг четлатилиши, пенальти борасидаги баҳсли вазиятларга изоҳ берди
13 ноябрь куни Про-лига "А" гуруҳи 35-туридан ўрин олган “Андижон” – “Истиқлол” учрашуви бўлиб ўтди. Андижондаги беллашув борасида футбол жамоатчилиги турли фикрлар билдирмоқда. Шу сабабдан ҳам SPORTS.uz сайти ходими ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов билан боғланиб, учрашувида дарвозабоннинг четлатилиши, пенальти каби баҳсли вазиятлар борасида унинг фикрларини олди.
Андижондаги ўйин ўрганиб чиқилдими?
- Андижондаги баҳсли вазият ўрганиб чиқилди. Ўша энг катта баҳсли вазият пенальти билан боғлиқ бўлган. Дарвозабон майдондан четлатилган.
Ўша баҳсли вазият пенальти қўйилганими ёки 11 метрли нуқтадан такроран тепилгани?
- Биринчиси, пенальти қўйилгани ва иккинчиси, такроран тепилгани. ФИФА томонидан чиқарилган “Футбол ўйини қоидалари” китобида пенальти тепиш борасида қоидалар ёзиб ўтилган.
Шерзод Қосимов 11 метрли жарима зарбаси белгилаётганда, “Истиқлол” ҳимоячиси “Андижон” ўйинчисига нисбатан ўйин қоидасини бузган. Ҳакам бу ҳолатга яқин эди яъни 3 метр оралиқда бўлган. Шунда Шерзод Қосимов пенальти белгилаган. Фарғоналик футболчилар кўпчилик бўлиб эътироз билдиришган. Ҳакам улар орасида энг кўп эътироз билдирган ўйинчига сариқ карточка кўрсатган. Кейин орқасидан дарвозабон югуриб келган. Қоидаларда ҳакам қарорига қўл билан эътироз билдирилиши огоҳлантириш билан жазоланиши ёзилган. Сўнг Қосимов посбонга жойига бориб туришни айтади.
11 метрдан тўп тепилаётганда посбон дарвозага турган. Дарвозабон пенальтини амалга оширилишидан аввал икки қадам олдинга чиқиб олган. Бу энди ўйин қоидасининг бузилиши. Шунинг учун дарвозабон иккинчи сариқ карточкани олган ва майдондан четлатилган.
Ундан ташқари пенальтини иккинчи марта тепилади деб белгилангандан кейин посбон тўпни олган ва бетартибли қилиб, “Андижон” жамоаси мухлислари томон тўпни тепиб юборган. Бу ҳам огоҳлантирилиш билан жазоланилиши керак. Лекин унга иккинчи огоҳлантириш олганидан сўнг яна сариқ карточка кўрсатилмайди ва майдондан четлатилган.
Демак, Шерзод Қосимов ўйинда чиқарган қарорлари тўғри, шундайми?
- Бу баҳсли вазиятлар билан боғлиқ қарори тўғри. Айнан шу баҳсли ҳолатлари билан тўғри қарор чиқарган.
Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди.
Фикрлар