Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлик лавозимларида ўзгаришлар рўй берди
Бугун, 26 декабрь куни Миллий олимпия қўмитаси Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Ассамблея давомида ташкилотнинг 2018 йилги фаолияти бўйича МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳисоботи тингланди.
2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари учун Қўмита томонидан ишлаб чиқилган Стратегия юзасидан МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов маълумот берди.
Шунингдек, МОҚ вице-президентлари, Ижроия қўмитаси ва Бош Ассамблеяси, тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масалалардан яна бири ташкилотга вице-президентларни сайлаш эди. Бунгача МОҚ вице-президенти лавозимига жамоатчилик асосида сайланган Алишер Султанов ва Мурод Азимовнинг асосий фаолиятидаги иш ҳажми ошганлиги, давлат хизматлари юзасидан муҳим топшириқлар ва давлат аҳамиятига молик йирик дастурлар ижросига масъул эканлигини инобатга олиб, ушбу лавозимларга бир нечта номзодлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида, бугунги ўзбек спорти ривожи ва нуфузини оширишда ўзининг меҳнати ва тажрибасини аямасдан, салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси раиси Аҳмаджон Аминджанович Раҳимов ҳамда Осиё кураш конфедерацияси президенти Комилжон Исмоилович Рўзиев номзодига ишонч билдирилди. Қатнашчилар бир овоздан ушбу номзодларни қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Аҳмаджон Раҳимов ва Комилжон Рўзиев Миллий олимпия қўмитасининг вице-президенти сифатида фаолият олиб борадиган бўлишди.
МОҚ Ижроқўми аъзолари таркиби эса қуйидагича кўриниш олди:
Умид Аҳмаджонов – Миллий олимпия қўмитаси президенти
Жасур Матчанов – Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби
Аҳмаджон Раҳимов – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
Комил Рўзиев – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
Салим Абдувалиев – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
Саида Маҳмудова – Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси
Андрей Абдувалиев – Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси
Худоёр Аҳмедов – Ўзбекистон «Rowing and Canoeing» федерацияси раиси
Аламжон Муллаев – Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раиси
Баҳром Газиев – Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси
Отабек Имомов – Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси
Азиз Комилов – Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси
Баҳодир Аҳмедов – Ўзбекистон чим усида хоккей федерацияси раиси
Шаҳрилло Маҳмудов – Ўзбекистон оғир атлетика раисининг биринчи ўринбосари
Козим Ўринбойхўжаев – Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари
Шоикром Исроилов – Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти
Элдор Анорбоев – Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси бош котиби
Игорь Шепелов – Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби
Руслан Мустаев – Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари
Марат Курбанов – Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи
Улуғбек Мирҳайдаров – Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси
Комил Ярашев – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори
Сўнгра тафтиш комиссияси аъзоларига номзодлар таништирилди. Унга кўра Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори Комил Ярашев, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош ҳисобчиси Саида Имомгалиева ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош ҳисобчиси Сурайё Пўлатхўжаева тафтиш комиссияси аъзолари сифатида сайланди. Юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича эса Ўзбекистон теннис федерацияси раиси Саида Маҳмудова масъул сифатида бириктирилди.
Ассамблея давомида Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов сўзга чиқар экан, ташкилотнинг бугунги кундаги энг асосий вазифаси Токио 2020 Олимпиадасида муносиб иштирок этиш, ҳар жабҳада натижаларни яхшилаш эканлигини айтиб ўтди.
- МОҚ Ижроқўмидан ҳар бир спорт федерация раҳбарлари, вакиллари ўрин олди. Бундан мақсад барча билан ҳамжиҳатликда, бир оила бўлиб ишлашдир. Токио 2020 Олимпия ўйинлари бўйича муҳтарам юртбошимиз томонидан катта топшириқлар берилган. Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпиадада Риодаги мусобақада қайд этилган кўрсаткични яхшилашимиз лозим. Биз Президентимизнинг ёнларида туриб, халқимиз ишончини оқлаймиз ва насиб қилса Токиодан ёруғ юз билан қайтамиз, – деди МОҚ раҳбари.
Шу тариқа, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши ўз ишини якунлади.
Фикрлар