Мотокросс бўйича мамлакат кубогида ғолиблар аниқланди

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Ўзбекисон мудофаасига кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти Республика техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан мотокросс бўйича мамлакат кубоги мусобақаси ташкил этилди. Кальмакир мототрассасида уюштирилган баҳсларда республикамизнинг энг иқтидорли пойгачилари ўз маҳоратларини намойиш этишди.  

Ўзбекистон кубогида спортчилар жами 7 та синфда ўтган беллашувларда ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Шулардан тўттаси турнирнинг дастлабки куни ўтказилди. Унда қатнашчилар двигатель ҳажми 65, 125, 350 ва 750 сантиметр куб бўлган мотоциклларда стартга чиқишди. Пойгани энг кичик ёшдаги спортчилар ўртасидаги беллашувлар бошлаб берди. 

Жасурбек Самадов иккинчи давра баҳсларида ҳам муваффақиятли қатнашди ва энг яхши натижани қайд этган ҳолда ғалабани қўлга киритди.

Ўсмирлар ўртасида мотор сиғими 85 кубатура бўлган техникалар пойгасида эса Тошкент вилояти вакили Аброрбек Жуманов зафар қучди. Унинг жамоадоши Эмрон Аблязов ўсмирлар орасида двигатель ҳажми 125 сантиметр кубдан иборат мотоцилларда ўтган баҳсда биринчи ўринни эгаллади.

Эркаклар ўртасида Чзет 350 синфида мезбон спортчи Шавкат Сулаймоновга тенг келадиган пойгачи бўлмади. У навоийлик Иззат Қобилов билан бир хил очко жамғарди,  аммо айланалар сони бўйича яхшироқ кўрсаткичга эга бўлди. Пойтахтлик Сергей Девлетёров эса кучли учликка якун ясаб берди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!