Моуринью Эврани "МЮ"га қайтаради, аммо...

Аввал хабар берганимиздек “Ювентус” ҳимоячиси Патрис Эвра фаолиятини “Манчестер Юнайтед”да давом эттириши мумкин. Манкуанликлар бош мураббийи Жозе Моуринью Эвра борасида туринликларга расмий таклиф билан чиқишга тайёр. Аммо, португалиялик мутахассис Эврадан футболчи сифатида эмас, балки, мураббий сифатида фойдаланмоқчи.

La Gazzetta dello Sport нашри тарқатган хабарга кўра 35 ёшли французнинг тажрибаси жамоага ёрдам бериши мумкин. Бироқ, Эвранинг ўзи ҳали бутсиларини михга илмоқчи эмас. Бундай ҳолатда Эвра “қизил иблислар” сафида ўйновчи мураббий бўлиб фаолият олиб бориши ҳам мумкин.

Маълумот учун, Патрис Эвра 2006-2014 йилларда айнан “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилган. Унинг “Ювентус” билан амалдаги шартномаси мавсум сўнггида ўз ниҳоясига етади. Эвра бу мавсум А Серияда 6та, ЕЧЛда 6та учрашувда майдонга тушган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!