Муродбек Чориев: Мен Фёдор Емельяненконинг шогирди эмасман

Муродбек Чориев дастлаб спортнинг кураш турлари билан шуғулланиб келган. АҚШда фаолиятини давом эттираётган спортчимиз Эркин кураш ва юнон-рум кураши бўйича бир қанча халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори ҳисобланади. Яқинда у аралаш яккакураш жанг санъатлари (ММА)да дебют жангини ўтказиб, ғалаба қозонган эди.

Биз Муродбек билан алоқага чиқиб, фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбат ташкил қилдик. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга хавола этамиз.

– Муродбек сизга қуёшли Ўзбекистондан саломлар...

– Барча-барча ватандошларимга ассалому алайкум деб қоламан. Жуда соғиндим Ўзбекистонни.

– Муваққиятингиздан хабар топган кўплаб ўзбекистонлик мухлислар сиз ҳақингзда билишни истамоқда хоҳлашмоқда. Бунақа бўлишини кутганмидингиз?

– Очиғи кутмаган эдим. Ютубда ёзилган фикрларни ўқиб бошим осмонга етди. Хайрихоҳ бўлган барча юртдошларимга раҳмат айтиб қоламан. Бу менга янада куч-қувват бағишлади. Ўйлайманки, бу ерда миллатимиз, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламан.

– АҚШда неча йилдан бери фаолият олиб борасиз? Умуман қандай бориб қолгансиз?

– Бу ерга оилам билан 8 ёшимда келганман. Шундан бери, шу ерда истиқомат қиламиз. Ватанимизни мана 12 йилдирки кўрганим йўқ!

– Фаолиятингиз ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз... Баъзи ОАВ сизни Фёдор Емельяненконинг шогирди деб ёзибди. Бу тўғрими?

– Биласизми, баъзи ОАВ мени ММАда 7 жанг ўтказган деб ёзибди. Аслида эса мен дебют қилдим. Ундан аввалги жангларим яккакурашни бошқа турларидан эди. Кейин Youtube’да Фёдор Емельяненконинг шогирди сарлавҳаси остида берилибди. Тўғри, бу сизнинг хатоингиз эмас. Шундай бўлсада, айтиб ўтишни лозим топдим. Тўғри Фёдор Емельяненко билан учрашганман, яхши фикрлар билдирган, аммо унинг шогирди эмасман. “Қора бўри” ҳам эмасман. Менинг Муродбек қатори, туғилганимдаёқ пешонамга битилган исмим бор. Ҳамма “Алпомиш” деб атайди. Бунинг ўзига яраша тарихи бор.

– Биринчидан, ўз ўрнида айтиб қўяй, мен ўзбекман. Қўшни қардош халқларимизга ҳурматимни сақлаган холда айтишим мумкинки, айрим интернет нашрларида мени қирғиз, қозоқ, мўғул ҳам дейишди. Аслида, худди Алпомиш каби “Қўнғирот” уруғиданман.

– Иккинчидан, туғилганимда бобом исмимни шундай қўйилишини истаган. Муродбек деб қўйилгани билан доим “Алпомиш” деб атаб келишган. Очиғи, худди Фёдор Емельяненко орқали ўзимни танитиб олишни истагандек бўлиб қолдим. Аслида, меҳнатим орқали халқни эътиборини қозонмоқчиман. Шунчаки, хақиқий Алпомиш эканлигимни исботламоқчиман холос. Қолаверса, ҳали ўзимни устимда жуда кўп ишлашим керак. Эндигина ММАда дебют қилдим. Нуфузли промоушенлар билан шартнома тузай, кўплаб жанглар ўтказишим керак, лекин ўзимга ишонаман ва насиб қилса ММА оламида ўз сўзимни айта оламан.

– Унда болалик хотиралари ҳам ёддан кўтарилган бўлса керак?

– Йўқ асло, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида таваллуд топганман. Шаҳрисабзни жуда яхши эслайман. Тошкентни биламан, чунки у ерда ҳам маълум бир вақт яшаганмиз. Айниқса, Шаҳрисабздаги “Оқсарой” ҳамон ёдимда. Умуман барчасини ёдимда.

– Миллий таомларимизничи?

– Уларни унутиб бўладими. Бу ерда ҳам уйда доимо миллий таомларимизни истеъмол қиламиз, лекин болаликдаги ўзимизнинг юртни ҳавоси, сувидан тўйинган таомларни мазасини ҳозирга қадар эслайман. Айниқса, “Тандир кабоб”, “Палов”, “Манти” тўғриси, иштаҳам очилиб кетди.

– Жангларингизни кўриб, кучли томонингиз “партер” эмаслигига ишонч ҳосил қилгандекмиз. Бошқалардан устунлигингиз нимада деб ўйлайсиз?

– Биласизми, аслида энг кучли томоним “партер” ҳисобланади, чунки асосан эркин кураш ва юнон-рум кураши билан шуғулланганман. Биламан, бундай фикрга келишингизга жангларимда асосан оёқ ва қўл зарбаларим эвазига ғалаба қозонганим сабаб бўлган.

– Мураббийингиз ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

– Стивен Манн ҳамда Жесси Финней қўл остида машғулотлар олиб бораман. ММА йўналишида Жесси Финней устозлик қилади. Жуда тажрибали мураббийлар. Бир қанча жаҳон чемпионларини тарбия қилган.

– Ўзбекистонга яқин орада келиш ниятингиз борми?

– Албатта, шу йил боришни режалаштирганман.

– ММА борасидаги жангни қайси йўналишда ўтказдингиз?

– Бу ерда ММАга жуда қизиқиш кучли. Кичик ташкилотлар жуда кўп. Гарчи кичик бўлсада, дунёни турли бурчакларидан жангчилар келади. Ушбу кичик-кичик йўналишлар, “Bellator”,“UFC”га трамплин вазифасини ўтаб беради. Ўзим билан бирга шуғулланган жуда кўпчилик ҳозирда “Bellator”да фаолият юритишмоқда. Мен “SHAMROCK” йўналишидаги жангларда иштирок этаман. Бу йўналишнинг бу ерда рейтинги анча юқори саналади. Ёшим 20да. Яна икки-уч йил тажриба тўплаб нуфузли йўналишларга ўтишни мақсад қилганман.

– Кейинги жангингиз борасида нима дея оласиз?

– Бу борада ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирча аниқ эмас.

– ММАдаги дебют жангингизда ғалаба қозондингиз. Умуман рақибингизнинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

– Тўғриси, ҳозир у ҳақида ижобий фикрларни билдирсам, ўзимни ҳам мақтагандек бўлиб қоламан. Шунчаки битта фикрни айта оламан. У мазкур йўналишдаги энг тажрибали жангчилардан бири эди.

– Жангга Ҳосила Раҳимова қўшиғи остида чиқиб келдингиз. Доимо рингга мазкур хонанда ижросидаги қўшиқлар орқали чиқармидингиз?

– Тўғриси, Ҳосила Раҳимованинг ижоди менга жуда ёқади. Энди доимо деб айта олмайман, лекин ўзбек мусиқаси орқали чиқиб келаман. Юртимиз, миллатимизнинг урф-одатларини тараннум этувчи ашулалар ташриф қоғозим бўлади.

– АҚШда бир қатор ҳамюртларимиз профессионал бокс, ММА йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг жангларини кузатиб бораяпсизми?

– Барчасининг жангларини кузатиб бораман. Фахрланаман, дўстларимга тавсия қиламан. Ҳозирда, атрофимдаги барча дўстларим бу ердаги ўзбек спортчиларининг фаолиятига бефарқ эмаслар. Маҳмуд Мурадовнинг “Bellator” билан шартнома тузиши бу жуда катта воқейлик. Бу даражага чиқиш осон эмас. Боксчиларимиз Шоҳжаҳон Эргашев, Фазлиддин Ғойибназаров жангларини қолдирмайман. Ўтган ҳафта ғалаба қозонган Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиевнинг жангини кўрдим. Жуда кучли спортчилар. Уларга ҳар доим омад ёр бўлишини тилаб қоламан. Албатта, барчаси билан танишиб, яқин муносабатларни йўлга қўяман. Улардан ўрганадиган нарсаларим кўп ҳали!

– Сизга мухлис бўлиб улгурган ҳамюртларингизга тилакларингиз?

– Барчасига соғлик тилайман. Оилавий ҳотиржамлик, бахт ва омад ёр бўлсин. Фаолиятимни кузатиб боринг, албатта ишончингларни оқлайман!

Мухаммад Зиё суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!