ЎФА Эрон миллий терма жамоасининг таклифига ижобий жавоб қайтарди

Шу йилнинг 17 май куни Эрон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари Теҳронда халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиши белгилаб қўйилганди.

ЎФА ҳамда ПФЛ ўз режаларини шунга мослаштирди. Бироқ кейинроқ Эрон томони учрашувни 19 май санасида ўтказишни сўради. Натижада Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги беллашувнинг ўтиши сўроқ остида қолди. 

Аммо Ўзбекистон терма жамоаларига жавобгар бўлган мураббийлар ЖЧ—2018 учун тайёргарлик кўраётган жамоага қарши ўйинни фойдали деб ҳисоблаб келаётганди. Мазкур беллашув айниқса Осиё Ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган футболчилар учун навбатдаги мактаб вазифасини ўтаб бериши мумкин эди.

Шундан келиб чиқиб, ЎФА терма жамоаларга нисбатан кўпроқ футболчиларини бераётган Суперлига клублари бош мураббийлари билан йиғилиш ўтказди. Унда “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе, “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев, “Бунёдкор” етакчиси Миржалол Қосимов ҳамда “Навбаҳор” натижалари учун жавобгар бўлган Илҳом Мўминжонов иштирок этди. Шунингдек, йиғилишда ПФЛ вакиллари ҳам қатнашди.  Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Якунда Эрон футбол федерацияси билан келишув ўз кучида қолди. Учрашув 19 май санасига сурилган бўлса-да, Ўзбекистон термаси Теҳронга боради. Фақат бунда Ўзбекистон термасига легионер футболчилар жалб этилмайди ва асосан Осиё Ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган футболчилар хизматидан фойдаланилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!