ЎФА мутасаддилари Германия футбол федерацияси вакиллари билан учрашишди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Европанинг футболи ривожланган мамлакатлар футбол федерациялари билан яқин алоқалар ўрнатиб, ўзбек футболи ривожи йўлида уларнинг бой тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.
Жумладан, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг маслаҳатчиси Санъат Шарипов, Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов ва ЎФАнинг Европадаги вакили Дилшод Рўзметов Германия футбол федерациясида бўлиб, немис футболи мутасаддилари билан учрашув ўтказишди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.
Германия футбол федерацияси Халқаро алоқалар ва стратегик лойиҳалар бўйича мутахассис Патрик Мотгомери учрашув давомида Германия футболи босиб ўтган ривожланиш йўли ҳақида гапириб берди. Шунингдек, немис футбол академияларида йўлга қўйилган иш фаолияти, ёш футболчиларни тарбиялаш, болалар футболи мураббийларини малакасини ошириш бўйича Германияда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашув давомида немис футбол мутахассисларини юртимизга олиб келиш, улар иштирокида болалар ва ўсмирлар футбол академияларида турли семинар ва ўқув курслари ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, "Бавария", "Айнтрахт" клублари академиялари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва бу ҳамкорлик доирасида юртимиздаги болалар футболи бўйича мураббийларни малака ошириш учун Германияга юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, икки мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоалари ўртасида ўзаро ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш бўйича ҳам муҳокама ўтказилди. Шу йилнинг май ойида Берлиннинг U-18 жамоаси мамлакатимизга ташриф буюради ҳамда Ўзбекистонда бу жамоа билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этиладиган бўлди.
Учрашув якунида Германия футбол федерацияси вакилларига ЎФА номидан эсдалик совғалари топширилди.
Фикрлар