ОФК Президенти: Ўзбекистон футболи Марказий Осиёда энг кучлисига айланмоқда

Осиё футбол конфедерациясининг расмий саҳифаси бўлган the-afc.com, Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифанинг Тошкентда ўтказилган ОФК Ижроқўмининг йиғилишида айтган сўзлари ҳақида мақола эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон футболи Марказий Осиёда энг кучлисига айланмоқда ва буни ОФК ҳам эътироф этади. Шайх Салмон Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг келгусидаги футболни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳамда халқаро турнирларда иштирок этиш режалари билан яқиндан танишди.

2018 йил январь ойида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги U-20 Осиё чемпионатидаги муваффақиятдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 2019 йилда БААда бўладиган Осиё кубоги ҳамда Токио-2020 Олимпиада ўйинларига катта куч билан тайёргарликни бошлаб юборган. 

У Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси Президенти ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти Умид Аҳмаджонов билан ўзаро эсдалик совғаларини алмашар экан, Ўзбекистонда футболнинг жадаллик билан ривожланаётганига қойил қолганини, Ўзбекистон Осиё футболида ҳақиқий кучга айланаётганини ёшларнинг муваффақиятлари ҳамда U-23 мусобақасидаги ғалаба яққол исботлаб берганини таъкидлади.

Терма жамоа Осиё миқёсидаги мусобақаларда, ЖЧ саралашларида ҳамда турли ўртоқлик учрашувларида етарлича тажриба тўплади ва бу тажриба Токио-2020, Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 саралаш ўйинларида албатта асқотади, – дейди ОФК Президенти. 

Юртингизда кўплаб спорт турлари ҳамда футболга катта сармоялар жалб этилмоқда ва бу ўз самарасини бермай қолмайди деб таъкидлайди Шайх Салмон. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!