Осиё ўйинлари 9-кун. Ўзбекистон кучли ўнликдан ҳам чиқиб кетди (ФОТО)
Хабарингиз бор шу кунларда Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинлари ўзининг айни қизғин палласига кириб бормоқда. Бугун мусобақанинг тўққизинчи кунида ҳамюртларимиз 8та спорт тури бўйича баҳс олиб боришди.
Дастлаб, каратэ бўйича -50кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бабаева ҳал қилувчи жангда Хитой Тайпейи спортчиси Шиашуанг Гуга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди ва якунда кумуш медалга сазовор бўлди.
Бадиий гимнастиканинг жамоавий баҳсларида иштирок этган қизларимиз (Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмонова, Дилдора Раҳматова ва Асаль Икромова) умумий ҳисобда 155,3 балл тўплаб, иккинчи натижани қайд этишди ва якунда кумуш медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйишди.
Оғир атлетикада +105кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Рустам Джангабаев даст кўтаришда 203, силтаб кўтаришда эса 252кг тошни ўзига бўйсундира олди. Умумий ҳисобда 455 кг натижа кўрсатган ҳамюртимиз якунда бронза медали эгасига айланди.
Шундай қилиб ўзбекистонлик спортчилар мусобақанинг 9-кунида 3та медалга (2та кумуш, 1та бронза) сазовор бўлишди. Умумий ҳисобда 31та медалга эгалик қилаётган Ўзбекистон делегацияси айни дамда ўзи эгаллаб турган 10-ўринни қўшни Қозоғистон терма жамоасига бўшатиб беришди. Вакилларимиз тўққизинчи кун якунларига кўра 11-поғонадан жой олишган.
Фикрлар