Ўзбек велоспортчиси «Novo Nordisk» жамоаси билан профессионал шартнома имзолади

МОҚ расмий сайти эса бу ҳақда мақола тайёрлади.

«Novo Nordisk» жамоаси қандли диабет касаллиги билан оғриган велоспортчилардан ташкил топган биринчи профессионал жамоа ҳисобланади. Жамоа 2019 йил учун тўрт нафар спортчи – Оливер Бехрингер (Швейцария), Деклан Ирвин, Сам Мундай (Австралия) ҳамда ўзбекистонлик Улуғбек Саидовлар билан шартнома тузди.

22 ёшли Улуғбек Саидов Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Қайд этиш лозимки, У «Novo Nordisk» жамоаси аъзосига айланган Марказий Осиёлик дастлабки профессионал велоспортчидир. Улуғбекка 9 ёшлигида қандли диабетнинг биринчи даражаси ташҳиси қўйилган.

Маълумот ўринда шуни қайд этишимиз лозимки, Тошкентда ана шундай касалликка чалинган ёшлар учун «Queen Sport» велоспорт клуби фаолият олиб боради. Саидов 15 ёшида ушбу жамоа аъзоси бўлган. Ўшандаёқ у «Novo Nordisk» назарига тушган. Аввалига Улуғбек клубнинг ўсмирлар жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Меҳнатсеварлик ва мотивация эвазига у касалликка қарши кураша олди, шу билан бир қаторда спортдаги натижаларини ҳам яхшилади. 2017 йилга келиб эса «Novo Nordisk»нинг захира жамоаси таркибидан ўрин олди.

«Профессионаллар жамоасига ўтишга интилардим. «Novo Nordisk» шарафини ҳимоя қилаётганимдан фахрланаман. Елкамда қандай масъулият борлигини ҳис қилиб турибман. Сўнгги бир неча йил ичида мен спорт фаолиятимни ривожлантириш ва қандли диабетга қарши курашиш йўлида олдинга катта қадам ташлай олдим. Дастлабки йил осон бўлмаслигини биламан. Аммо, мен профессионал спортда, шунингдек, ҳаёт йўлимда юқори марраларга эришишга қатъий бел боғлаганман», – деди Улуғбек.

«Novo Nordisk» клуби раҳбари ҳам Улуғбек ҳақида ижобий фикрда.

«Бир неча йил давомида Ўзбекистонда спорт қай тарзда ривожланаётганини кузатиб келяпман. Шунингдек, Улуғбекнинг муваффақиятларидан ҳам ҳайратдаман. У Ўзбекистонда қандли диабет билан ҳасталанган инсонлар учун ҳақиқий ўрнак намунаси бўлади деб ҳисоблайман», – деди Фил Сазерленд.

Маълумот учун, Америка Қўшма Штатлари клуби ҳисобланган «Novo Nordisk» UCI Professional Continental team мақомига эга. Жамоа 2021 йили велоспорт оламининг энг нуфузли мусобақаси – «Тур де Франс» баҳсларида ҳам иштирок этади. Бу орқали Улуғбек Жамолиддин Абдужабборовдан сўнг ушбу нуфузли турнирда иштирок этган иккинчи ўзбекистонлик велоспортчига айланиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!