Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви олдидан матбуот анжумани 22 февраль куни соат 17:30да бошланади

Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Суперкубоги учрашувини юқори савияда ташкил этиш йўлида “Самарқанд дарвоза” савдо-кўнгилочар маркази билан келишувга эришгани ҳамда Суперкубок учрашуви олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари ҳамда футболчилари иштирокидаги матбуот анжумани ушбу марказда бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

Режага кўра, 22 февраль куни Миржалол Қосимов ҳам, Андрей Фёдоров ҳам матбуот анжуманига жамоанинг етакчи футболчилари билан ташриф буюради. Бунда анжуман одатдаги кўринишда эмас, байрамона руҳда ўтиши асосий аҳамият касб этади. Мазкур жараённи исталган футбол мухлиси кузатиб бориш имкониятига эга.

Ўзбекистон кубоги соҳиби – АГМК жамоаси бош мураббийи ва етакчи ўйинчилари иштирокидаги ўйинолди матбуот анжумани 22 февраль куни соат 17:30да бошланади. Мамлакатимиз чемпиони – “Локомотив” бош мураббий ва етакчилари иштирокидаги матбуот анжумани эса соат 18:00да бўлиб ўтади. Анжуманга барча турдаги ОАВ ходимлари, футбол жамоатчилиги вакиллари ва мухлисларни таклиф этамиз.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Суперкубоги ғолибига топшириладиган соврин ҳам шу куни “Самарқанд дарвоза”га олиб келинади. Истовчилар унинг фонида футболчилар ҳамда мураббийлар билан суратга тушишлари мумкин. Шунингдек, 23 февраль куни “Пахтакор” стадионида ўтказиладиган Суперкубок ўйини учун Профессионал футбол лигаси ташриф буюрувчиларга бепул чипталар тақдим этади.

Ўзбекистон Суперкубоги-2019 ўйини 23 февраль куни бўлиб ўтади. Беллашув пойтахтдаги “Пахтакор” стадионида ўтади. Ўйин 16:00 да старт олади ва “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади.

Ўйин бошланишидан олдин ва танаффус вақтида юртимизнинг эл суйган санъаткорлари иштирокида концерт дастури ва турли тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Жумладан, эстрадамиз ёрқин юлдузлари – Шаҳзода, Лола ва бошқа машхур хонандалар иштирокидаги ўйинолди концерт соат 14:30дан бошлаб стадионга ташриф буюрувчи мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, ишқибозлар шу куни Суперкубок ўйинига бепул тарзда кириш имкониятига эга бўлишади. Ўйин учун чиқариладиган чипталар таклифнома тарзида “Пахтакор” стадиони кассаларида мухлисларга бепул тарзда тақдим этилади.

Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон Суперкубоги-2019 учрашуви Туркиянинг KOC Elektrik AS компанияси бош ҳомийлиги остида кечади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!