Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсумига титул ҳомий эълон қилинди
Ўтган мавсум ўзбек футболи тарихида биринчи марта Ўзбекистон Суперлигаси ўзининг титул ҳомийсига эга бўлганини биласиз. Дунёга машхур PEPSI компанияси Суперлигага титул ҳомий бўлиш таклифини ўртага ташлади ва якунда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда PEPSI компанияси ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича шартнома имзолашди. Натижада 2018 йилги мавсумда Суперлига учрашувлари пайти PEPSI бренди ўйин ўтадиган стадион, унинг атрофи ҳамда телевидениеда муваффақиятли реклама қилинди.
Ортда қолган 2018 йилги мавсум давомида Профессионал футбол лигаси ўзини яхши ҳамкор эканини кўрсата олди. Қолаверса, 2018 йилда миллий чемпионатимиз ўйинлари аввалги йиллардан фарқли ўлароқ ташкилотчилик ва томошабоплик жиҳатидан олдинга қадам ташлади. Ўйинлар трансляцияси сони ортди. Натижада Суперлига учрашувларига мухлисларнинг ўртача ташрифи сони деярли 2 баробарга ўсиши кузатилди.
Бундай кўрсатгичлар юртимизда фаолият олиб бораётган қатор ташкилот ва компанияларни бефарқ қолдирмади. Профессионал футбол лигаси 2018 йил якунига келиб, Суперлигага титул ҳомийлик қилиш бўйича бир нечта манфаатли таклифлар қабул қилди. Шулар қаторида PEPSI компанияси ҳам 2018 йилги ҳамкорлик икки томон учун ҳам самарали кўриниш олганини эътироф этиб, ўзаро ҳамкорликни 2019 йилда ҳам давом эттириш истагини билдирди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўз ўрнида PEPSI компаниясининг миллий футболимизга бўлган эътибори, ички чемпионатимиз юқори дивизионига 2018 йилда биринчи бўлиб титул ҳомий бўлиш истагини билдиргани ва ортда қолган йилда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида Профессионал футбол лигасининг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаганини инобатга олиб, айнан PEPSI брендининг Суперлигага 2019 йилда ҳам титул ҳомий бўлишига қарор қилди.
Шу тариқа, PEPSI 2019 йилда ҳам Суперлигага титул ҳомийлик қилишда давом этади. Чемпионат номи эса барча манбаларда PEPSI Суперлига дея кўрсатилади.
Фикрлар