Ўзбекистон от спорти федерациясига раис тайинланди

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон от спорти федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияни Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда дастлаб қилинган ишлар юзасидан федерация Ижроия қўмитаси ҳамда тафтиш комиссиясининг 2013-2016 йиллар учун ҳисоботлари тингланди.

Конференцияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди ва Ўзбекистон от спорти федерацияси раиси этиб Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раиси Қудратилла Рафиков бир овоздан сайланди.

Шунингдек, федерация Бош котиби лавозимига Элдар Анарбоев, раис ўринбосари лавозимларига эса Аваз Каримов, Феруз Абдуллаев, Аваз Исмоиловлар сайланишди. Шу билан бирга, тафтиш комиссия ҳамда Ижроия қўмитаси аъзоларининг янги таркиби ҳам тасдиқланди, дея хабар беради МОҚ матбуот хизмати.

Сўнгги йиллар давомида федерацияга раҳбарлик қилиб келган Рифкат Мигмановга қилинган ишлар учун Миллий олимпия қўмитаси номидан миннатдорлик изҳор этилди ва Рифкат Тауфикович ҳам федерация Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Алишер Султанов сўзга чиқиб, от спорти федерацияси олдида турган асосий вазифалар, ушбу спорт турини мамлакатимизда янада ривожлантириш чоралари ҳусусида тўхталиб ўтди. 

Жумладан, маҳаллий ҳокимликларини ушбу спорт турини оммалаштириш бўйича масъулиятини ошириш, мавжуд спорт базалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, федерациянинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ва ҳомийларни бириктириш, оммавий спорт тадбирларини кўпроқ ташкил этиш ва ўтказиш, республика мусобақаларида вилоят терма жамоалари спортчилари иштирокини таъминлаш, халқаро от спорти Федерацияси билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва мамлакатимиз от спорти федерацияси вакилларидан Осиё ва Халқаро от спорти Федерацияси раҳбарияти таркибига киритиш чораларини кўриш, юртимизда кўплаб халқаро мусобақаларни ўтказиш, мазкур мусобақаларга юқори малакали мураббийларни маслаҳатчи мураббий сифатида жалб қилиш, миллий кадрлардан халқаро тоифадаги ҳакамларни тайёрлашга эътибор бериш, шунингдек мазкур спорт тури ривожланган хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш ишларини йўлга қўйишга алоҳида урғу бериб ўтди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!